Камбағаллик даражаси деярли уч бараварга камайди

Камбағаллик даражаси деярли уч бараварга камайди

 

dfsdfwfwfsdfsdfwe.jpg

       БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессияси доирасида ўтказилган «Келажак бугун бошланади: барқарор ривожланиш учун кўп ўлчовли камбағалликка қарши кураш» мавзусидаги тадбирда халқаро ташкилотлар ва экспертлар Ўзбекистоннинг камбағалликни қисқартириш ва ислоҳотлар тажрибасини юқори баҳолади. Таъкидланишича, сўнгги йилларда мамлакат салмоқли натижаларга эришди: камбағаллик даражаси деярли уч бараварга камайди, 7,5 миллион киши камбағаллик ҳолатидан чиқди ҳамда камбағалликни кўп ўлчовли баҳолашнинг миллий методологияси жорий этилди.

       Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори, Президент маслаҳатчисининг ўринбосари Обид Ҳакимов Ўзбекистоннинг молиявий ва кўп ўлчовли камбағалликка қарши кураш йўналишидаги натижаларини тақдим этди. Унинг таъкидлашича, миллий сиёсатнинг асосий устувор йўналиши аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган манзилли ижтимоий дастурлар ва кенг қамровли ислоҳотлар орқали инсон капитали ривожини таъминлашдан иборат.

      Бугунги кунда қийин шароитга эга ҳудудларда, 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган жойларда инфратузилмани яхшилаш ишлари фаол амалга оширилмоқда. Фақатгина жорий йилнинг ўзида 470 минг хонадоннинг ёрдамчи ерлари сув билан таъминланди, 790 минг хонадонда эса электр таъминоти яхшиланди.

     Келаси йилда инфратузилмани ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун яна 400 миллион доллар йўналтирилиши режалаштирилган. Шунингдек, ичимлик суви тармоқлари, канализация, йўллар, мактаб ва болалар боғчалари қурилишига қиймати 1,3 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилади. Ҳар йили кам таъминланган оилаларга ипотека субсидиялари тақдим этилади.