Калом илмининг машҳур алломаси
Калом илмининг машҳур алломаси

Насаф азал-азалдан дунё илм-фани ва маданияти равнақига салмоқли ҳисса қўшган шаҳарлардан бири ҳисобланади. Қадимий қўлёзма ва қомусий асарлар варақлаб кўрилса, бу кентдан кўплаб олиму уламолар етишиб чиқиб, Насафий нисбаси билан самарали ижод қилганининг гувоҳи бўламиз.
Тарихий манбалардан маълум бўлишича, мана шу кўп сонли улуғ насафийлар жумласидан IX асрнинг иккинчи ярми ва X асрнинг биринчи чорагида самарали фаолият кўрсатган йирик олим Абу Мутиъ Макҳул ибн Фазл Насафий асос солган Насафийлар сулоладан етишиб чиққан улуғ олим Абул Муин Насафий (1027-1114) ўзининг маънавий устози, буюк мутакаллим имом Абу Мансур Мотуридий таълимотини янада ривожлантириб, унинг бутун Шарқ мамлакатларига тарқалишида беқиёс хизмат кўрсатган олим саналади.
Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг “ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” («Самарқанд олимлари зикрида қанд китоби») асарида бу олим ҳақида шундай дейилган: “Шарқу Ғарбнинг олиму уламолари Абу Муъин Насафий илмининг денгизидан баҳра топиб, у таратган зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртганлар”.
Абу Муъин Насафий калом илмида етук аллома сифатида каломнинг турли масалаларига оид 15 га яқин асарлар ёзган. Муаллифнинг, айниқса, “Тавсиратул адилла”, “Баҳрул калом”, “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” каби асарлари дунё олимлари томонидан юқори баҳоланган.
Истиқлол шарофати билан кўплаб алломаларимиз қаторида Абул Муин Насафийнинг ҳаёти ва асарларини илмий асосда ўрганиш ишлари йўлга қўйилди. Аллома руҳи мангу қўним топган манзил обод гўшага айлантирилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши туманидаги калом илми бўйича таниқли олим “Абул Муин Насафий” тарихий мажмуасини қайта таъмирлаш, унинг негизида кутубхона, музей ташкил этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берган эди. Ушбу топшириқлар ижроси доирасида Абул Муин Насафийнинг бой илмий маънавий меросини чуқур ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида зиёратгоҳда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бугунги кунда қўли гул уста ҳунармандлар меҳнати эвазига зиёратгоҳ яхлит мажмуа шаклига эга бўлди, 2,1 гектар майдонни эгаллаган обида ҳудудида 500 ўринли масжид, кутубхона, музей, маъмурий бино, чойхоналар қуриб битказилди.
Абул Муин Насафий зиёратгоҳида Хитой ипак қоғозига битилган ноёб Қуръони карим қўлёзмаси мавжуд. Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметрни ташкил этади. Мазкур Қуръон учун уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метру 60 сантиметрлик лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 (милодий 1851) санаси ёзиб қолдирилган. Лавҳга 12 қатордан иборат форсий шеър ўйиб битилган.
Шунингдек, 2017 йилда алломанинг “Ат тамҳид ли қавоиди тавҳид” асари Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси томонидан чоп этилди.




