Қадимий «олтин фонд» бўйича келишув

Қадимий «олтин фонд» бўйича келишув

 

aovaovaovaro.jpg 

 

         Ўзбекистон Республиксининг Буюк Британиядаги  элчиси Равшан Усмонов Оксфорд университетининг Бодлиян кутубхонаси қадимий қўлёзмалари коллекцияларнинг «олтин фонди»дан фойдаланиш  бўйича келишувга эришди.

1602 йилда ташкил этилган Бодлиян кутубхонаси Оксфорд университетининг асосий тадқиқот кутубхонаси ҳисобланади. У Европадаги энг қадимий кутубхоналардан биридир. Буюк Британияда эса Британия кутубхонасидан кейин иккинчи йирик шундай зиё маскани саналади. Кутубхона фондларида 13 миллиондан ортиқ китоблар, архив ҳужжатлари, қўлёзмалар, жумладан, араб, форс, туркий ва эски чиғатой тилларига оид асарлар мавжуд.

Мазкур кутубхонада ниҳоятда ноёб қўлёзмалар, хусусан  Султон Ҳусайин Бойқаронинг «Девони Ҳусайний», Аҳмад Термизийнинг «Фунуну-л-балоға», Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» ва «Сабаи сайёр» асарлари бор.

Музокаралар чоғида Британия томони Ўзбекистондаги кўргазмаларда намойиш қилиш учун Бодлиян кутубхонаси «олтин фонди»да сақланаётган қўлёзмаларни ижара бериш масаласини ўрганиш, шунингдек, ўзбекистонлик мутахассисларни Буюк Британия технологияси асосида қадимий қўлёзма китобларни қайта тиклаш ва ўрганиш учун касбий тайёргарликка қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Бодлиян кутубхонаси мутахассислари билан ўтказилган муҳокамалар якунида томонлар 2024 йилда Ўзбекистоннинг тегишли мутахассислари учун қўлёзмаларни қайта тиклаш, рақамлаштириш ва кўргазмалар ташкил бўйича Британия тажрибаси асосида онлайн ўқув семинарларини ўтказишга ҳам келишиб олинди.