Қад ростлаган Улуғбек портали
Қад ростлаган Улуғбек портали

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг энг диққатга сазовор нуқталаридан бири — бинонинг шарқий томонида қад ростлаган Улуғбек портали. Унинг меъморий қиёфаси XV аср Самарқанд мадрасаларига хос анъаналар асосида, замонавий услублар билан уйғун ҳолда яратилган.
37,7 метр баландлик ва 33,7 метр кенгликка эга портал симметрия қонуниятларига мувофиқ қурилган. Бу симметрия инсон қалби ва тафаккури уйғунлигини, ички ва ташқи олам бирлигини англатади. Қанотлардаги квадрат миноралар — мукаммаллик ва миллатнинг улуғворлигини ифода этади.
Кириш қисмидаги уч эшик — уч Ренессанс даврига ишора қилиб, юртимиздаги илм-маърифат уйғонишларини эсга солади.
Портал ферузаранг кошинлар билан безатилган — бу ранг коинот, тинчлик ва бағрикенглик рамзи саналади. Қанотлардаги гулли гирих нақшлар Мирзо Улуғбекнинг астрономик кашфиётларига ишора қилади, айрим жойларда олам харитаси ва метагалактика моделлари акс этган.