Йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси
Йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудуд ва тармоқларда ўсиш суръатларини таъминлаш бўйича жорий йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва йил якунигача амалга ошириладиган устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йил бошидан мамлакатимиз иқтисодиёти 8,5 фоизга ўсди. Саноатда 8 фоиз, хизматларда 16,9 фоиз, қурилишда 13,8 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,7 фоиз ўсиш таъминланди. Инвестициялар ҳажми 28 миллиард долларга, экспорт 14,4 миллиард долларга етди. “Fitch” ва “Moody’s” халқаро рейтинг агентликлари мамлакатимиз суверен кредит рейтингини бир поғона яхшилади.
Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари 40 миллионли аҳоли ҳаётини яхшилаш учун 9-10 фоизли иқтисодий ўсиш зарурлигини таъкидлади. Бунинг учун ҳудуд ва тармоқ раҳбарлари мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиши, ҳар бир лойиҳа ва ҳар бир корхона бўйича аниқ натижага ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда ҳудуд ва тармоқ раҳбарларининг олти ойлик режалари ижроси танқидий таҳлил қилинди. Айрим ҳудудларда ялпи ҳудудий маҳсулот, қурилиш, инвестиция, саноат ва экспорт кўрсаткичлари бўйича захиралар тўлиқ сафарбар этилмагани қайд этилди. Ойлик, чораклик ва йиллик режаларни бажармаган раҳбарларга нисбатан масъулият кучайтирилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир вазир ва ҳокимнинг иши одамларнинг яшаш маданиятида сезилмаса, тадбиркорларнинг оғирини енгил қилмаса, ҳар қандай натижа фақат “қоғоздаги рақам” бўлиб қолишини таъкидлади. Шу боис, жойларда инфратузилма, бандлик, тадбиркорлик ва аҳоли даромадини ошириш бўйича ишлар мутлақо янги ёндашув асосида ташкил этилади.