Исломда солиқ масалаcи

Исломда солиқ масалаcи

ykeorveoyeoryukpyafcua.jpg

Ислом дини ривожланишининг дастлабки йилларида фай (урушларда олинган ўлжа) ва садақа асосий молиявий манбалар ҳисобланган. Иккинчи ҳижрий йилда Закотнинг фарз бўлиши билан, у асосий молия манбаига айланди.

 

Закот нақд пуллардан, шунингдек чорва моллари, тижорат моллари, кон ва хазиналардан олинарди. Ердан чиққан ҳосилдан эса ушр олинган. Мусулмонлар билан бирга истиқомат қиладиган ғайридинларнинг тинчлигини таъминлаш мақсадида улардан жизя солиғи олинган.

 

Демак, давлат хазинаси асосан қуйидаги манбалар: закот, садақа, хумс (олинган ўлжанинг бешдан бир қисми) ва жизя асосида шакллантирилган ҳамда мазкур йиғилган маблағлар жамиятнинг заиф қатламларини молиявий қўллаб-қувватлаш, давлат хавфсизлигини таъминлаш, янги масжид-мадрасаларни қуриш, йўлларни таъмирлаш, кўприклар ва шу каби инсонларга манфаат келтирадиган иншоотларни барпо этиш мақсадида сарфланган.

 

Исломнинг аввалида, мусулмонлар оёққа туриб, дастлабки давлатчилик тизими шакллана бошлаган вақтда ҳукумат ишларини юритиш, уларни молиялаштириш мақсадида солиқлар каби ўзига хос йиғимлар жорий этилган.  Улар қуйидагилардир:

 

1. Жизя.

 

Мусулмонлар закот бергани каби Ислом давлати ҳудудида истиқомат қиладиган зиммийлар (мусулмон бўлмаган аҳоли)дан жизя солиғи олинган. Чунки зиммийлар ҳам давлат томонидан тақдим этиладиган умумий имкониятлардан фойдаланиши мумкин бўлган ва уларнинг жонлари ва моллари омонда бўлиши таъминланган. Лекин улардан закот олиш мумкин эмас, чунки закот фақат мусулмонлар учун фарз бўлган ибодат ҳисобланади.

 

2. Харож.

 

Харож солиғи ғайридинлар истиқомат қиладиган ерлардан олинадиган солиқ тури бўлган. Харож биринчи марта мусулмонлар Ироқ ҳудудини фатҳ этганларида жорий этилган.

 

Зироат экинлари экилган ҳар бир жарийб (тах. 12-16 сотих) ерга бир дирҳам пул ва бир қафиз (тах. 24-25 кг) зироат маҳсулоти; ҳар бир жарийб узумзорга 10 дирҳам; ҳар бир жарийб хурмозорга 5 дирҳам харож солиғи белгиланган.

У ерда истиқомат қилувчиларга эса 12, 24 ёки 48 дирҳамдан жизя солиғи тайин этилган, яъни:

1. Ҳар бир бой-бадавлат инсон учун йилига 48 дирҳам;

2. Ҳар бир ўртаҳол аҳоли учун йилига 24 дирҳам;

3. Ҳар бир камбағал инсон учун йилига 12 дирҳам.

 

3. Ушр.

 

Шунингдек, ҳар бир мусулмонга ердан чиққан ҳосилнинг ўндан бир ёки унинг ярми (яъни йигирмадан бир) қисмини Ушр сифатида бериш ҳам вожиб ҳисобланган (ҳозирда ҳам шундай). Мусулмон бўлмаганлар эса харож беришарди. Чунки улар мусулмонларнинг ерларидан фойдаланишган. Харождан йиғилган маблағлар анҳорлар қазиш, йўлларни таъмирлаш, кўприклар қуриш каби аҳли китобларга ҳам манфаат келтирадиган ишларга сарф қилинган.

 

4. Ушур.

 

Ушур – ислом мамлакатларида импорт ва экспорт маҳсулотларидан олинадиган солиқ, йиғим тури бўлган. Ушурнинг миқдори мусулмонлар учун маҳсулотнинг ўндан бирнинг тўртдан бири (қирқдан бир, яъни 2,5%), зиммий учун ўндан бирнинг ярми (йигирмадан бир, яъни 5%), аҳли ҳарблар учун (бошқа давлат фуқаролари учун) ўндан бири (яъни 10%) деб белгиланган.

Ушурлардан йиғилган маблағлар тожирларнинг жонини ва молини ўғри ва талончилардан, қароқчилардан ҳимоя қилиш каби ишларга сарфланган.

 

5. Хумс (ўлжанинг бешдан бир қисми)

Урушларда олинган ўлжаларнинг бешдан бир қисми жамият манфаатлари учун байтулмолга топширилган.

 

6. Закот.

Закотни давлат эҳтиёжлари учун олиб бўлмайди, балки у бойларнинг молидаги камбағалларнинг ҳақи ҳисобланади. Шундай бўлса-да, закот давлатнинг ижтимоий ҳимоя деб аталадиган вазифасини ўзига олгани учун давлат ғазнасидаги маблағларнинг тежалишига катта ёрдам беради.

 

Исломнинг илк даврларидан то бугунги кунимизга қадар закот мусулмонлар томонидан узлуксиз адо этиб келинмоқда.

 

Исломнинг аввалида жорий этилган “солиқлар” ва мажбурий йиғимлар давлат учун ўзининг зиммасидаги вазифаларни тўғри ва ўз вақтида адо этиш ҳамда халқ хотиржамлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим иқтисодий омил бўлган.