Ислом тараққиёт банки оқова сув муаммоларини бартараф этишга кўмаклашмоқда
Ислом тараққиёт банки оқова сув муаммоларини бартараф этишга кўмаклашмоқда

Сирдарё вилоятининг маркази Гулистон шаҳри ҳудудидаги оқова сувларни тозалаш иншоотида қарийб икки ойдан буён қайта реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.
– Лойиҳа қиймати 7 миллион 200 минг АҚШ долларини ташкил этган ушбу иншоот туркиялик ҳамкорлар лойиҳаси асосида, Ислом тараққиёт банки томонидан ажратилган маблағ эвазига бажарилмоқда, – дейди “Сирдарё сув таъминоти” МЧЖ инвестиция бўлими бошлиғи Маҳмуджон Яров. – Иншоотнинг мустаҳкамлиги унинг пойдеворига боғлиқ. Айни вақтда пойдевордаги арматура жойлаштириш ишлари бажарилмоқда. Бу ишлар пудратчи ташкилот – “Когон нефтьгаз энерго” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда. Ушбу йирик объектда айни пайтда юз нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Қурилиш ишларида Швейцариядан олиб келинган 11 та йирик техника воситаси тўла қувват билан ишламоқда.
Ислом тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобидан вилоятнинг Гулистон, Янгиер ва Ширин шаҳарларининг канализация тизимларини кенгайтириш ва реконструкция қилиш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ушбу шаҳарларнинг оқова сув муаммоларини бартараф этишда муҳим аҳамият касб этади.

ЎзА




