Ислом олами мероси дурдоналари
Исмоил Сомоний мақбараси

Ислом ташкилотининг (ICESCO) Ислом олами мероси қўмитаси томонидан Ислом олами мероси рўйхатига киритилган Ўрта Осиёда Сомонийлар даври меъморчилигининг нодир намуналаридан бири бўлган бу тарихий обида Исмоил Сомоний томониданбунёд этилган.
Исмоил Сомоний шахси ҳақида гапирадиган бўлсак, у Бухорода Сомонийлар давлатига асос солган йирик сиёсий арбоб ҳисобланади. Исмоил Сомоний 848-йил Бухоро шаҳрида туғилган, 874-йилда сомонийларнинг Бухородаги ноиби, 888-йилдан эса бутун Мовароуннаҳрга ҳоким бўлган. Исмоил Сомоний марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш сиёсатини олиб бориб, турли ерлардан уламолар, адиблар, уста ва ҳунармандларни Бухорога тўплаган, маданият ривожига катта ҳисса қўшган.
Исмоил Сомоний мақбараси ўрта асрларнинг ривожланган даврида (IХ-Х аср), 864-868-йиллар оралиғида, ҳозирги Бухоронинг эски шаҳар қисмида қурилган. Унинг қурилишида пишган ғишт, тош ва ёғочдан фойдаланилган. Мақбаранинг жимжима ғиштин безаклари чивиқли тўсиқ ёки қамиш, бўйра тўқимасини эслатади. Усти гумбаз билан қопланган. Тўрт бурчаги устунсимон шаклда ишланган, гумбаз атрофига 4 қубба ўрнатилган. Девор тепасида кунгирасимон ҳар бир дарча ҳошияланган. Равоқ тепасидаги қанос ғиштин тангачалар маржони билан чегараланган. Икки четига майда-майда ғиштдан чорсу тумор ясалган. Бино ичкариси ташқаридаги бино билан узвий боғлиқ бўлиб, услуб жиҳатидан бир хил бўлган. Равоқчалар 8 қиррали гумбаз асосини ташкил қилади. Қирралар бурчагига гумбазга тиргаклик қилувчи устунчалар ишланган. 1927 йилда археологик қазилма вақтида хона саҳнида 2 ёғоч сағана борлиги аниқланган. Исмоил Сомоний мақбараси 4 томони бир хил чордара шаклида, унинг тузилишида қадимий суғд меъморчилигининг анъаналари сақланиб қолган буюк меъморий асардир.
Исмоил Сомоний мақбараси жаҳон меъморчилик ва бинокорлик мактабларининг ноёб асари ҳисобланади. Тенги йўқ бу архитектуравий ёдгорликни архитекторлар ва бинокорлар фахр билан тилга оладилар, тарихчилар унинг яратилишини ўрганадилар.
Исмоил Сомоний мақбараси IХ асрда Бухорода меъморчилик санъати, бинокорлик техникасининг нақадар юксалганлигини ва ривожланганлигини кўрсатади.

Юксак профессионал даражада барпо этилган бу тарихий ёдгорлик ўша даврдаги энг тажрибали қурувчиларни, энг қобилиятли меъморларни лойиҳалаш ва қурилиш усуллари билан қуроллантирганлиги, уларнинг билим ва малакаларини нечоғлик оширганлиги ифодасидир.Бугунги кунда бу иншоот ислом дунёси маърифатпарварлари ва алломаларининг диққат-марказида ҳамда туристларнинг саёҳатгоҳига айланган.
1997-йилда Бухоро шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан Бухородаги барча обидалар қаторида Исмоил Сомоний мақбараси ҳам қайта таъмирдан чиқилди. ЮНEСКО ташкилотининг Бутунжаҳон ёдгорликлари рўйхатига киритилган.




