Ислом молияси: юқори талаб

Ислом молияси: юқори талаб

yreyvekryukpryukpryukryuk.jpg

Жаҳон миқёсида умумий активлари миқдори 2024 йилга келиб 3.96 триллион АҚШ долларига етиши кутилаётган ислом молияси, пандемия туфайли пайдо бўлган тўсиқларига қарамай, ҳукуматларнинг қўллаб-қувватловчи сиёсати, ҳамда ислом молия маҳсулотларига бўлган юқори талаб ўлароқ уларнинг молия бозорларидаги иштироки чуқурлашди ва ислом молия тармоғи барча жабҳаларда кенгайишда давом этди.

 

Ислом молиясининг асосий уч устуни: Ислом банкчилиги, Сукук ва Такофул (ислом суғуртаси) барча муҳим молиявий бозорларга, хусусан, Форс Кўрфази мамлакатларига кириб бориши ва юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолиши кутилмоқда.

 

“Moody’s Investor Service” компаниясининг янги нашр этилган ҳисоботида, Форс Кўрфази давлатларидаги ислом ва анъанавий банкларнинг бирлашиши ҳам умумий активларнинг фавқулодда (бирданига) ўсиб кетишига олиб келиши мумкинлиги, Саудия Арабистони ислом банкчилигининг энг йирик маркази бўлиб қолиши, Малайзия ислом банкчилиги барқарор ўсишда, Омон ва Туркия ислом банкчилиги эса тез суръатлар билан ўсишда давом этиши таъкидланган ҳисоботда.

 

“Биз, ислом молияси 2021 йилда ва ундан кейин ҳам ўсишда давом этиб, анча йиллардан бери давом этаётган юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолади деб умид қилмоқдамиз. Умуман олганда, ислом молияси кўп сонли аҳолиси мусулмон бўлган давлатларда, етарлича ривожланмаганлиги соҳа кенгайиши учун катта имкониятлар яратади”, деб баёнoт берди, Moody’s етакчи таҳлилчиси ва вице президенти Ашраф Мадани.

ykervkeorvkeroyurkyuky.jpg

Рейтинг агентлиги маълумотига кўра, Форс кўрфази мамлакатлари, Малайзия, Индонезия ва Туркия каби асосий ислом молия бозорларига кириб бориш даражаси 2019 йил 31.4 фоиз бўлган бўлса, 2020 йилда 32.8 фоизга етди (ушбу кўрсатгич 2013 йилда 25.5 фоизни ташкил қилган эди).

 

Форс Кўрфази давлатлари нефт нархларининг пасайиши, жиддий бюджет тақчиллиги туфайли, ҳамда мавжуд молиявий эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, сукук чиқаришни тобора ошириб боришади.

 

Маданининг маълум қилишича, жаҳонда (умумий) сукук чиқариш (эмиссия) 2021 йилда барқарорлашиб, 190-200 миллиард АҚШ доллари атрофида бўлиши таҳмин қилинмоқда. Энг юқори кўрсатгич 2020 йилда қайд этилган бўлиб, ўша йили 205 миллиард АҚШ долларига тенг миқдорда сукук чиқарилган эди.

 

Ислом суғуртаси – такофул ҳажми ҳам ўсишда давом этади, чунки келаётган 2-3 йил давомида такофул бўйича мукофотлар (яъни такофул иштирокчилари маблағлари ҳисобидан қилинган сармоялар натижасида олинган фойдадан уларга тўланадиган улуш) ҳажми ошиши кутилмоқда. Рақамли технологиялар ва қонунчиликнинг ривожланиши, яъни тегишли меъёрий-ҳуқуқий хужжатларнинг ишлаб чиқарилиши ва қабул қилиниши ҳам такофул бозорини кенгайишига ёрдам беради.

 

Хусусий тармоқни ривожлантириш ислом корпорациясининг (ICD) 2020 йилдаги “Ислом молиясини ривожлантириш” юзасидан тайёрлаган ҳисоботига кўра, жаҳон ислом молияси активлари 14 фоизгача ўсиб, 2019 йилда 2.88 триллион долларга етди ва бу Жаҳон банк-молия инқирозидан бери ушбу соҳада қайд этилган энг юқори кўрсатгич бўлди.

 

Ҳисоботда таъкидланишича, 2019 йили Форс Кўрфази давлатларининг ислом молия активлари 1.2 триллион АҚШ долларига етган. Ундан кейин Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатлари ислом молия активлари ҳажми 755 миллиард АҚШ долларини, Жанубий-Шарқий Осиё давлатлариники эса 685 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

 

Ислом банк тармоғи умумий ислом молияси активларининг асосий тармоғи ҳисобланади. Ушбу тармоқ ҳажми 2019 йилда 14% га ўсиб 1.99 триллион АҚШ долларига етди. Мисол учун, ушбу кўрсаткич 2018 йилда бор-йўғи 1%га, 2015 йилдан 2018 йилгача эса ўртача йиллик ўсиш суръати эса 5% га тенг бўлган.

 

Ислом жамғармалари ва ислом суғуртаси (такофул) соҳасида юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолади. Жаҳон ислом молия жамғармалари бошқарувидаги активлар ҳажми 2021 ва 2022 йилларда мос равишда 4 % ва 5% га ўсиши кутилмоқда.