Ислом меросининг илмий хазинаси акс этган ипак гиламлар Марказ ”юраги”дан жой олган

Ислом меросининг илмий хазинаси акс этган ипак гиламлар Марказ ”юраги”дан жой олган

carousel image 1

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Қуръони карим зали нафақат бинодаги энг йирик ва салобатли бўлим сифатида шакллантирилди, балки бутун мажмуанинг руҳий юраги сифатида концептуал жиҳатдан алоҳида ўрин эгаллади. Шу боис залга кирган ҳар бир ташриф буюрувчи, аввало, муқаддас калом улуғланган, ислом тамаддунининг илмий ва маърифий ютуқлари мужассам этилган муҳитга қадам қўяди. Бу маконда меъморий ечим, бадиий безак ва маънавий мазмун ўзаро уйғунлашиб, яхлит ғоявий манзарани вужудга келтирган.

Саккиз қиррали интерьерга эга бўлган зал 45 метр диаметр ва 1 638 квадрат метр умумий майдонни эгаллаган. Танланган шакл бежиз эмас, у мукаммаллик, мутаносиблик ва илоҳий тартиб ғоясини рамзий ифода этади. Зал марказида, 65 метр баландликдаги муҳташам гумбаз остида ислом оламининг ноёб ёдгорлиги — VII асрга мансуб муқаддас Усмон Мусҳафи махсус витринада намойиш этилган. Бу муқаддас ёдгорлик бутун экспозициянинг ғоявий ўзаги сифатида қабул қилинади.

Биринчи гиламда “Фотиҳа” сурасининг 1-7-оятлари ҳамда “Бақара” сурасининг 1-5-оятлари; 

Иккинчи гиламда “Бақара” сурасининг 137-142-оятлари;

Учинчи гиламда “Оли Имрон” сурасининг 199-200-оятлари ва “Нисо” сурасининг 1-2-оятлари; 

Тўртинчи гиламда “Исро” сурасининг 110-111-оятлари ва “Каҳф” сурасининг 1-6-оятлари; 

Бешинчи гиламда “Марям” сурасининг 97-98-оятлари ҳамда “Тоҳо” сурасининг 1-6-оятлари; 

Олтинчи гиламда  “Ёсин” сурасининг 82-83-оятлари ҳамда “Соффот” сурасининг 1-9-оятлари;

Еттинчи гиламда “Соффот” сурасининг 179-182-оятлари ҳамда “Сод” 1-6-оятлари; 

Саккизинчи гиламда “Шўро” сурасининг 52-53-оятлари ва “Зухруф” сурасининг 1-8-оятлари;

Шунингдек, “Қуръони карим зали” деворларидаги 4 та равоққа 8 та ипак гилам илинган бўлиб, уларнинг ҳар бирига Усмон Мусҳафи саҳифаларидан олинган  оятлар тўқиб битилган. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур гиламлар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан тайёрланган. Гиламларнинг ҳар бирига Усмон Мусҳафи матнидан олинган оятлар битилгани уларнинг маънавий қийматини янада оширган. Гиламлар ёзуви машҳур хаттот Ҳабибулло Солиҳ томонидан кўчирилган. Улар нафақат безак вазифасини бажаради, балки илмий-маърифий манба сифатида ҳам хизмат қилмоқда. Оятлар аслиятдаги куфий хатда берилгани ҳолда, насх хатидаги шакли ҳам тақдим этилган. Шу билан бирга, замонавий ахборот технологиялари қўлланилиб, ўзбек, инглиз, рус ва бошқа тиллардаги таржималар QR код орқали жойлаштирилган. Бу ечим ташриф буюрувчиларга қулайлик яратиб, зални халқаро миқёсдаги зиёрат ва тадқиқот маконига айлантирган.

Гиламлардаги ёзувлар ҳақида Марказ илмий ходими, хаттот Ҳабибуллоҳ Солиҳ батафсил маълумот берди:

–  Биринчи гиламда “Фотиҳа” сурасининг 1-7-оятлари ҳамда “Бақара” сурасининг 1-5-оятлари; 

Иккинчи гиламда “Бақара” сурасининг 137-142-оятлари; 

Учинчи гиламда “Оли Имрон” сурасининг 199-200-оятлари ва “Нисо” сурасининг 1-2-оятлари; 

Тўртинчи гиламда “Исро” сурасининг 110-111-оятлари ва “Каҳф” сурасининг 1-6-оятлари; 

Бешинчи гиламда “Марям” сурасининг 97-98-оятлари ҳамда “Тоҳо” сурасининг 1-6-оятлари; 

Олтинчи гиламда  “Ёсин” сурасининг 82-83-оятлари ҳамда “Соффот” сурасининг 1-9-оятлари; 

Еттинчи гиламда “Соффот” сурасининг 179-182-оятлари ҳамда “Сод” 1-6-оятлари; 

Саккизинчи гиламда “Шўро” сурасининг 52-53-оятлари ва “Зухруф” сурасининг 1-8-оятлари тасвири нақшланади.

Гиламларнинг жойлашув эстетикаси ҳам пухта ўйланган. Улар ер сатҳидан маълум баландликда, равоқлар марказида ва табиий ҳамда сунъий ёритиш тизими билан уйғун ҳолда ўрнатилган. Нур тушиши, ранг уйғунлиги ва девор нақшлари билан мутаносиблик ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилинган. Ана шу жиҳатлар туфайли саккизта гилам Қуръон залининг бадиий-композицион ўзаги сифатида намоён бўлмоқда. 

Гумбаз остида Қуръони каримнинг илмий манбаларда қайд этилган 66 га яқин номи нақшлар билан уйғунлаштириб ёзилган. Бу ечим муқаддас китобнинг турли сифат ва фазилатларини бадиий услубда ифода этиш имконини бериб, залнинг маънавий таъсирини янада кучайтирган.

Қуръон зали фақат экспозиция майдони сифатида эмас, балки амалий ибодат ва тафаккур маскани сифатида ҳам ташкил этилган. Бу ерда қориларнинг жонли тиловати учун махсус жой ажратилган бўлиб, Қуръони карим доимий равишда тиловат қилинмоқда. Натижада зал муҳитида руҳий сокинлик ва маънавий юксаклик таъминланади. 

Хулоса қилиб айтганда, Қуръон зали — саккизта гиламда мужассамлашган илоҳий калом, гумбаз остидаги ноёб мусҳаф, атрофида жойлашган 114 қўлёзма ва доимий тиловат садоси билан Марказнинг энг улуғвор ва энг таъсирчан масканига айланган. У юртимизнинг исломий меросга бўлган эҳтиромини, уни асраб-авайлаш ва жаҳон миқёсида намоён этишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатларни ёрқин ифода этади.

 

Дурдона Расулова

https://iccu.uz/ky/news/1283