Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз
Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз
Имом Бухорий

Мамлакатимизда инсоният тараққиёти тарихида ўчмас из қолдирган мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказиш юзасидан клкан бунёдгорлик ишлари амалга оширилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳам шу мақсадга йўналтирилган.
Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида ушбу Марказнинг асосий вазифалари сифатида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз — Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш белгилиб қўйилнан.
Тарихий маълумотларга кўра, Имом Бухорий ҳижрий 194 йил, милодий 810 йилда Бухоро шаҳрида зиёли оилада дунёга келган. Имом Бухорий ёшлик пайтидан илмга чанқоқ, айниқса ҳадис илмига иштиёқи чексиз бўлган эди. У илк бора ҳадис илмини ўз онасидан олган. У 821 йилдан бошлаб ҳадисларни ўрганишни бошлади ва 826 йилгача ўз ватанидаги машҳур муҳаддислардан ҳадис илми борасида сабоқ олган.
Имом Бухорий илм талабида кўп юртларга сафар қиган, оламга донғи кетган йирик илмий марказларда бўлган. У ўзи ҳақида: “Мен сафарларим давомида Шомда, Асқалонда, Мисрда, Арабистон ярим оролида икки марта, Басрада тўрт марта, Ҳижозда олти марта бўлдим. Куфа ва Бағдодда эса неча марта бўлганимни аниқ эслолмайман”, деб ёзиб қолдирган.
Ҳадис илмининг султони илмий изланишлари давомида 100 мингта саҳиҳ ҳадис ва 200 мингта саҳиҳ бўлмаган ҳадисни ёддан билган. Ўзининг ижодий изланишлари самараси орқали келажак авлодга қимматли дурдона асарлар яратиб қолдирган. У ёзган асарларнинг сони йигирмадан ортиқдир. Улар сарасига “Жомеъ ас-саҳиҳ”, “ал-Адаб ал-муфрад”, “ат-Тарих ал-кабир”, “ат-Тарих ал-авсат”, “ат-Тарих ас-сағир”, “Бирр ал-волидайн”, “Китоб ал-куно” (бу асар “ат-Тарих ал-кабир”нинг бир жузи ҳисобланади), “Китоб ал-илал”, “Асоми ас-саҳоба”, “Қазойя ас-саҳоба ва-т-тобеин” ва бошқаларни киритиш мумкин. Афсуски, бу асарларнинг кўпи бизгача етиб келмаган.
Имом Бухорийнинг шоҳ асари - “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” (“Ишончли тўплам”) деб номланган 4 жилддан иборат ҳадислар тўплами Ислом оламида бошқа муҳаддислар тузган ҳадис тўпламлари орасида энг ишонарли ва мукаммалидир. Муаллифнинг ўзи “Бу китобни мен олти юз минглар чамасидаги ҳадислар орасидан саралаб олиб, ўн олти йил мобайнида ёзиб битириб, ўзим билан Аллоҳ таолонинг ўртасида ҳужжат қилдим” деб ёзиб қолдирган.
“Саҳиҳи Бухорий” кўп маротаба нашр қилиниб, унга кўплаб шарҳлар битилган. Ундаги ровийларининг ишончлилиги ҳа ҳадис матнидан кўп ҳолларда фойдаланилгани ва бошқа сабаблар учун Қуръондан кейинги энг ишончли манба сифатида қаралади ҳамда барча аср уламолари танишиб чиқиб, аввал ёзилган барча мусаннафотлардан афзал ва юқори эканлигини тасдиқ этганлар.
Имом Бухорий тўпламларига киритилган ҳадислар фақатгина шариат аҳкомларига оид умумий қоидаларни акс эттириш билан чекланиб қолмаган. Уларда меҳр-оқибат, сахийлик, очиқ кўнгиллик, ота-она ҳурмати, олий ҳиммат, мурувват, ватанга садоқат, меҳнатсеварлик, ҳалоллик, дўсту биродарлик каби инсоний фазилатлар ўз ифодасини топган.
Буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг бой илмий меросини пухта ўрганиш, кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий халқаро маркази фаолият юритиб келмоқда. Тошкент ислом институтига Имом Бухорий номи берилган.
Илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришганлар учун икки даражали – “Олий даражали Имом Бухорий” ордени ҳамда “Имом Бухорий” ордени таъсис этилган.




