Ислом цивилизацияси ва янги Ўзбекистоннинг глобал маърифат ташаббуси
Ислом цивилизацияси ва янги Ўзбекистоннинг глобал маърифат ташаббуси

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда буюк мутафаккир аждодларимиз қолдирган бой илмий-маънавий меросни чуқур ўрганиш, унинг глобал аҳамиятини очиб бериш, ислом цивилизациясининг ҳақиқий инсонпарварлик моҳиятини жаҳон ҳамжамиятига етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Буни биз давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида юксак минбардан туриб, ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, ислом илм-фани ва цивилизациясини дунё афкор оммасига етказиш мақсадида Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий мажмуаларини бунёд этиш бўйича илгари сурган муҳим ташаббусларида ҳам кўришимиз мумкин.
Биринчи халқаро ислом цивилизацияси форумининг Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида ўтказилаётгани ҳам диний-маърифий соҳада олиб бораётган сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди. Мазкур форум турли мамлакатлардан келган давлат арбоблари, нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари, муфтийлар, олимлар, тадқиқотчилар ва экспертларни ягона мақсад – ислом цивилизациясининг инсонпарварлик ғояларини кенг тарғиб этиш атрофида бирлаштиришга хизмат қилади.
Форумнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у оддий илмий анжуман эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг маърифат дипломатиясини намоён этувчи йирик халқаро майдон вазифасини бажаришига шубҳа йўқ. Форум доирасида ўтказиладиган ялпи мажлислар, шўъбалар ва халқаро конференциялар ислом цивилизациясига оид долзарб масалаларни илмий асосда муҳокама қилиш имконини беради.
Тошкентдаги асосий ялпи мажлисларда ислом илм-фани ва цивилизацияси, Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, интеллектуал салоҳият, маданий меросни асраш, қўлёзмаларни рақамлаштириш ва халқаро илмий ҳамкорлик каби стратегик масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Форум доирасида Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани диққатга сазовор. Бу, аввало, Имом Мотуридий таълимотининг бугунги кундаги долзарблиги билан изоҳланади. Имом Мотуридий инсоният тарихида ақл ва нақл уйғунлигини мукаммал асослаб берган, илмни эътиқоднинг ажралмас қисми сифатида талқин қилган буюк мутафаккир сифатида тан олинади. Унинг мероси ислом тафаккурида мўътадиллик, бағрикенглик ва адолат тамойилларини мустаҳкамлаган илмий мактабни шакллантирди. Бугун турли мафкуравий таҳдидлар кучайиб бораётган шароитда айнан мотуридийлик таълимоти инсон онги ва қалбини экстремистик ғоялардан муҳофаза қиладиган энг мустаҳкам маърифий асослардан бири ҳисобланади.