Ислом цивилизацияси марказига Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ва Япониянинг Нагоя университети талабалари ташриф буюрди

Ислом цивилизацияси марказига Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари ва Япониянинг Нагоя университети талабалари ташриф буюрди

Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига Япониянинг Нагоя университети талабаларидан иборат сайёҳлар ташриф буюрди.

Ташриф буюрувчиларга Марказнинг Халқаро алоқалар ва протокол бўлим бошлиғи ҳамроҳлик қилиб, Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши тарихи, мақсади ва вазифалари тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, Мовароуннаҳр олимларининг дунё илм фанига қўшган улкан ҳиссаси ва илмий соҳадаги ютуқлари тўғрисида алоҳида маълумот бериб ўтилди.

Талабаларнинг йўналишдан келиб чиқиб (Архитектура, шаҳарсозлик ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш) бинонинг меъморий ечими, техник параметрлари ҳамда уни қуришда фойдаланилаётган материаллар ҳақида сўзлаб берилди. Бино қурилишида миллийликка урғу берилгани, тарихий анъаналарни сақлаган ҳолда замонавий услубда ёндашилгани талабаларда чуқур таассурот уйғотди.

Шу куннинг ўзида Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик корпусга хизмат кўрсатиш бўлими ходимларини Марказ қурилиш майдонида Халқаро алоқалар ва протокол бўлими ходимлари томонидан қабул қилинди.

Меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М. Мирзиёев томонидан Ислом меросини асраш, уни кенг тарғиб қилиш ҳамда келажак авлодларга безавол ҳолда етказиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берилди. Давлат раҳбари томонидан ушбу мерос барча мусулмон халқларининг бой тарихи ва маданиятини тарғиб қилишда муҳим манба эканлиги кўп бора таъкидлангани билдирилди.

Ташриф давомида меҳмонларга Марказда ташкил этилиши режалаштирилган бўлимлар тўғрисида батафсил маълумот берилди. Марказ ҳамда Тожикистонда жойлашган турдош ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш орқали икки давлат ўртасида илмий ва маданий йўналишларда яхши натижаларга эришиш мумкинлиги қайд этилди.

Учрашувлар самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.

Халқаро алоқалар ва протокол бўлими.