Ислом цивилизацияси марказида юзлаб янги нашрлар тайёрланмоқда
Ислом цивилизацияси марказида юзлаб янги нашрлар тайёрланмоқда
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида мамлакатнинг бой тарихий, илмий ва маданий меросини кенг тарғиб этишга қаратилган янги нашрларни тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Айни жараёнларни тизимли ташкил этиш, ҳар бир нашрнинг тайёргарлик ҳолатини муҳокама қилиш ва белгиланган вазифалар ижросини мувофиқлаштириш мақсадида Марказда йиғилиш ўтказилди.
Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов раҳбарлигида бўлиб ўтган йиғилишда илмий ходимлар, нашрлар учун масъул кураторлар ва ишчи гуруҳлар иштирок этди. Унда Марказ томонидан тайёрланаётган китоб-альбом, каталог, илмий-оммабоп ва бошқа нашрларнинг жорий ҳолати, улар устида олиб борилаётган ишлар ҳамда навбатдаги вазифалар муҳокама қилинди.
Марказнинг нашриёт режасидан ўрин олган лойиҳалар мазмун ва йўналиши жиҳатидан кенг қамровга эга. Улар орасида “Замонлар кўприги” туркумидаги китоб-альбомлар, халқаро форум ва конгрессларга бағишланган нашрлар, Ўзбекистоннинг маданий меросини хорижий тўпламлар асосида ёритувчи китоб-альбомлар, тарихий шахслар, қўлёзмалар ва ноёб Қуръони карим нусхаларига бағишланган нашрлар мавжуд.
Йиғилишда ҳар бир нашрнинг тайёргарлик даражаси алоҳида кўриб чиқилди. Айрим лойиҳаларда матнлар шакллантирилиб, верстка ишлари якунланган ва якуний келишув босқичига келинган бўлса, бошқа нашрларда илмий ва адабий таҳрир, таржима, корректура, дизайн, фото ва иллюстратив материалларни такомиллаштириш ҳамда верстка ишларини давом эттириш белгиланган.
Шунингдек, нашрларни бир неча тилда тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, “Замонлар кўприги” туркуми доирасидаги Ислом цивилизацияси форуми ва бошқа йирик тадбирларга бағишланган китоб-альбомларни ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрлаш режалаштирилган.
Нашрлар орасида Ўзбекистоннинг жаҳон маданий меросидаги ўрнини ёритувчи йирик лойиҳалар ҳам бор. Жумладан, жаҳон тўпламларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси, тарихий шахслар, хариталар, керамика, металл, тўқимачилик, тангалар ва бошқа ноёб ашёларга бағишланган китоб-альбомлар тайёрланмоқда.
Алоҳида йўналиш сифатида қўлёзма ва Қуръони карим меросига бағишланган нашрлар ҳам шакллантирилмоқда. Улар қаторида “Ўзбекистоннинг 100 буюк қўлёзма дурдоналари”, “Ноёб Қуръон қўлёзмалари экспозицион тўплами”, “Ўзбекистоннинг нодир Қуръони каримлари” каби факсимиле нашрлар ҳамда Ўзбекистон Қуръонлари ва Қуръон қўлёзмаларига бағишланган китоб-альбомлар ўрин олган.
Йиғилиш давомида ҳар бир нашр бўйича масъул кураторлар ва ишчи гуруҳларнинг вазифалари муҳокама қилиниб, илмий таҳрирдан тортиб таржима, корректура, дизайн, верстка ва босмахонага топширишга қадар бўлган барча жараёнларни ўзаро мувофиқлаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Шу билан бирга, тайёрланаётган нашрларда маълумотларнинг аниқлиги, матнларнинг илмий ва адабий жиҳатдан пухталиги, иллюстратив материалларнинг мазмунга мослиги, хорижий тилларга таржималар сифати ҳамда нашрларнинг умумий полиграфик кўринишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилиш якунида ҳар бир масъулга ўз йўналишидаги нашрлар бўйича белгиланган вазифаларни ўз вақтида бажариш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва тайёр материалларни белгиланган муддатларда раҳбариятга тақдим этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Ислом цивилизацияси марказида амалга оширилаётган ушбу нашриёт лойиҳалари Ўзбекистоннинг бой илмий-маърифий ва маданий меросини тизимли равишда ҳужжатлаштириш, илмий муомалага киритиш ва кенг жамоатчилик, шунингдек, халқаро илмий-маданий ҳамжамиятга етказишга қаратилган.






