Ислом ҳамкорлик ташкилоти

Ислом ҳамкорлик ташкилоти

ekrykprukapjcucauacuauca.jpg

     Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) 1969 йилнинг 25 сентябрида  Марокашнинг пойтахти Роботда ўтказилган Ислом давлатлари раҳбарларининг биринчи йиғилишида ташкил этилди.
     Бунга 1969 йилнинг 21 августида Қуддус шаҳридаги муборак Ақсо масжидига қилинган ёнғин сабаб бўлди. Ислом давлатларининг раҳбарлари бирдамликларининг мустаҳкам эканини билдириб, учинчи ҳарами шарифга қилинган бундай ҳаракатга ўз вақтида барҳам бериш чорасини кўриш учун, Робот шаҳрида йиғилиш ўтказишга имкон топдилар.

 Бу воқеадан олти ой кейин Саудия Арабиситонида ИҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг анжумани бўлиб ўтди. Унда аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот котибиятини сайлашди ва қароргоҳини Жидда шаҳри деб белгилашди. 2014 йил январь ойидан бери ИҲТ Бош котиби Ияд ибн Амин ал-Маданий. Ташкилот расман инглиз, араб ва француз тилларида иш олиб боради.

ИҲТ дунёда энг йирик Ислом ташкилоти саналади. Дастлаб ИҲТга Осиё ва Африканинг йигирма бешта давлати аъзо эди. Эндиликда икки миллиардга яқин аҳолига эга эллик етти давлат аъзодир. Мазкур ташкилотда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Россия, Босния ва Герцеговина, Марказий Африка Республикаси кузатувчи мақомига эга. 2011 йил 28 июнь куни Остона шаҳрида ўтказилган ташқи ишлар вазирларининг 38-сессиясида Ислом конференцияси ташкилоти номи Ислом ҳамкорлик ташкилотига ўзгартирилди.
     Ташқи ишлар вазирларининг анжумани ҳар йили мунтазам ўтказилади. Фавқулодда ҳолатларда навбатдан ташқари йиғилишга чақирилади. Бош котибият ИҲТнинг ижрочи органи ҳисобланади. Котибият раҳбари ташқи ишлар вазирлари кенгаши томонидан тўрт йил муддатга сайланади. Бош котиб ваколати фақат бир муддатгагина чўздирилиши мумкин. ИҲТ раҳбарининг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий масалалар ҳамда ахборот ва илм-фан бўйича тўртта ўринбосари бор. Улардан ташқари котибиятнинг техник ишини юритувчи маҳкама директори ҳам мавжуд.

ИҲТ ҳузурида бир қатор ташкилотлар иш олиб боради. Ислом тараққиёт банки, Қуддус жамғармаси, Ислом савдо-сотиқ палатаси, Ислом пойтахтлари ташкилоти, Ислом бирдамлик қўмитаси, Таълим, фан ва маданият бўйича Ислом ташкилоти шулар жумласидандир. Уларнинг фаолиятини бош котибият мувофиқлаштиради.

 ИҲТнинг ҳозирги низоми 2008 йил 13-14 март кунлари Дакарда ўтказилган йиғинда қабул қилинган. Унга мувофиқ ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари қуйидагилардан иборат:

- Аъзо давлатлар ўртасида дўстлик ва бирдамлик ришталарини уйғунлаштириш;

         - ислом оламида юзага келган муаммоларни ҳал этиш;

         - давлатлар ички қонунларига ҳурмат билан ёндашиш;

- инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш;

         - аъзо давлатларнинг иқтисодий жиҳатдан ривожланишига кўмаклашиш;

         - ислом дини ҳақида турли ноҳақ ва ножўя маълумотларни бартараф қилиш;

         - турли соҳаларда мамлакатлардаги институтлар билан илмий изланишларни ташкил қилиш билан шуғулланади.

          Ўзбекистон ҳам 1996 йилдан бери ИҲТ аъзосидир. Республикамиз Ташкилотнинг барча анжуманларида фаол иштирок иштирок этиб, ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда.

         2016 йилнинг октябрь ойида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси бўлиб ўтган.