Ишанқалъа - муқаддас даргоҳ
Ишанқалъа - муқаддас даргоҳ

Тарихдан маълумки, ХVIII аср бошларида Қорақалпоғистон ҳудудида диний қарашлар анча кучайган бўлиб, бу вақтда кўпгина мадраса, масжидлар, диний таълимот берадиган кичик-кичик қалъалар қурилган. Шулардан бири муқаддас даргоҳ – Ишанқалъа (Эшонқалъа)дир.
Ишанқалъа – ҳозирги Кегейли тумани ҳудудидаги Халқобод шаҳрининг жанубий-шарқида, бир километрлик масофада жойлашган. Тарихчи олимларнинг маълумотларига кўра, Ишанқалъа қўрғони XVIII асрнинг II ярмида қурила бошланган. У ерда мадраса, масжид, кутубхона, талабалар ётоқхонаси, карвонсаройлар жой олган. Қалъага ўша вақтда саводли ва диний билимларга эга одамлар кўп йиғилган. Мадрасага ўқиш учун кўплаб болалар, талабалар келган.
Ишанқалъадаги масжид-мадраса ҳозирда ҳам сақланиб қолган бўлиб, унда бир пайтнинг ўзида 50 га яқин талаба таълим олган. Қалъа асосан диний таълим бериш мақсадида қурилгани учун унинг деворлари баланд эмас. Ёзма манбаларга қараганда, қалъанинг 4 томонида кириш эшиги ва дарвозаси бўлган. Қалъанинг ичидаги уйлар бир қаватли, баъзилари эса икки қаватли қилиб қурилган.

Бундан атиги 150-200 йил аввал гўзал қиёфа касб этган ва Қорақалпоғистоннинг муқаддас қадамжоларидан бўлган Ишанқалъа бугун реставрацияни талаб қилмоқда.
ЎзА




