“Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси – жамоатчилик муҳокамасида

“Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси – жамоатчилик муҳокамасида

 

bez-nazva11111jjj22cnia.jpeg

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Стратегияда 2026 йил давомида ишлаб чиқиладиган стратегик режалаштириш ҳужжатлари лойиҳалари рўйхатида “Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини тасдиқлашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Инсон ҳуқуқлари – 2030” стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармон лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унда шахс қадр-қиммати, турмуш даражаси ва фаровонлигини оширишнинг энг муҳим ва зарурий шарти сифатида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий вазифалари ва йўналишлари белгиланган.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг устувор мақсадларини белгилаш ва самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурматни шакллантириш, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини янада ошириш мақсадига қаратилган чора-тадбирлар ҳужжатдан ўрин олган.

Фармон лойиҳаси билан “Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегияси; “Инсон ҳуқуқлари - 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури; Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш регламенти кабиларни тасдиқлаш назарда тутилган.

Фармон «Ўзбекистон - 2030» стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ижросини таъминлаш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.