Императорлар орзуси бўлган самовий отлар: афсона ортидаги чинакам қудрат тарихи намойиш этилмоқда

Императорлар орзуси бўлган самовий отлар: афсона ортидаги чинакам қудрат тарихи намойиш этилмоқда

Императорлар орзусига айланган, “самовий” деб улуғланган отлар ҳақида эшитганмисиз? Ва ҳатто уларни қўлга киритиш учун Хитой императорлари қўшин тортган. Манбаларда “қон билан терлайдиган отлар” сифатида таърифланган бу афсонавий тулпорлар бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозицияси орқали яна бир бор тарих саҳнасига қайтди.

Манбаларга кўра, энг машҳур чопқир тулпорлар Фарғона водийсида, шунингдек, Тожикистоннинг шарқий ҳудудлари ҳамда Афғонистон шимоли-шарқига туташ гўзал Помирнинг шимолий этакларида етиштирилган. Улар кучи, бардоши ва узоқ масофаларни босиб ўтиш қобилияти билан ажралиб турган. Айрим Фарғона тулпорлари ўз даврининг ҳақиқий “юлдузлари”га айланган — улар шеърларда куйланган, ҳайкалтарошлик ва тасвирий санъат асарларида акс эттирилган.

Бугун ана шу тарих саҳифалари яна бир бор жонланди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг Исломдан олдинги давр бўлимида — Қадимги Фарғона экспозициясида ушбу ноёб тулпорлар тарихига бағишланган махсус кўргазма шакллантирилган.

Қадимги Хитой манбаларида Фарғона водийси “Даюан” номи билан тилга олинади. Бу ерда етиштирилган отлар “Тианма” — яъни самовий, илоҳий отлар деб аталган. Хитой муаллифлари уларни ҳатто афсонавий аждарлар авлодлари сифатида тасвирлашган. Шунингдек, манбаларда “ҳансю ма” — яъни “қон билан терлайдиган отлар” ибораси ҳам учрайди. Бу тавсифлар асосан ҳайрат ва эътироф ифодаси сифатида ишлатилган. Тадқиқотчилар отларнинг қизғиш тер ажралишини ғайриоддий юпқа тери ёки кучли жисмоний зўриқиш натижасида майда томирларнинг ёрилиши билан изоҳлашади. Шу хусусият эса уларнинг шон-шуҳратини янада оширган.

Тарихий манбаларга кўра, Хитойнинг Хан сулоласи императори Хан Вуди Фарғона тулпорларини қўлга киритиш мақсадида махсус юриш уюштирган. Бу воқеалар милоддан аввалги 104–102 йилларда бўлиб ўтган ва тарихда Ҳан–Даюан уруши номи билан маълум. Шу тариқа, бу отлар шунчаки афсона эмас, балки ўз даврининг стратегик жиҳатдан муҳим бойлиги бўлган.

Баъзи ривоятларга кўра, ҳукмдорлар севимли тулпорлари билан бирга дафн этилган. Севимли тулпорларнинг дафн жойлари ва уларни тасвирловчи терракота ҳайкаллари (лойдан ясалган рамзий ҳайкаллар) отларнинг қадимги жамиятда юқори мақомга эга бўлганини кўрсатади.

Анвар Матниязов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори:

— Самовий отлар ҳақидаги маълумотлар нафақат афсоналарда, балки аниқ тарихий ёзма манбаларда ҳам учрайди. Бу тулпорлар қадимги Фарғонанинг дунё билан алоқаларида муҳим ўрин тутган. Экспозицияда айнан мана шу тарихий ҳақиқат очиб берилади. “Қон билан терлаш” тасвири эса кўпроқ мифологик ифода. Аммо бу тасвирнинг ўзиёқ Фарғона отларининг қанчалик ҳайрат уйғотганини кўрсатади.

Кўргазмада қадимги Фарғонага оид археологик топилмалар, от анжомлари, ёзма манбаларга таянган тасвирлар ва тарихий изоҳлар ўрин олган. Ташриф буюрувчилар бу ерда Фарғона водийсининг қадимда машҳур отчилик марказига айланганини, унинг халқаро савдо ва дипломатик алоқалардаги ўрнини билиб олишлари мумкин.

Самовий отлар — бу шунчаки чиройли ривоят эмас. Улар Фарғонанинг шонли ўтмиши, жасорат ва қудрат рамзи. Энди эса бу тарихни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказидаги экспозицияда ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин.

 

Гўзал Бекназарова

https://iccu.uz/ky/news/1254