Иқтисодиётда ўсиш суръатларини сақлаш ва давом эттириш чоралари

Иқтисодиётда ўсиш суръатларини сақлаш ва давом эттириш чоралари

 

yveapepryvverpyvearpyverpapyvkpfukpfuvkvp.jpg

 

      Президент Шавкат Мирзиёевга 2026-йилнинг биринчи чорагида иқтисодий кўрсаткичлар прогнозини таъминлаш ҳамда жаҳон бозоридаги беқарор вазиятнинг миллий иқтисодиётга салбий таъсирини камайтириш юзасидан ахборот берилди.

      Жорий йилнинг биринчи икки ойида саноат 7,7 фоизга, хизматлар 15,4 фоизга ўсди, 3,5 миллиард долларлик экспорт амалга оширилди ва 8,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди.

      Йил бошидан 9 та вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга республика бюджетидан қўшимча 2,3 триллион сўм ва 500 миллион доллар маблағ йўналтирилди. “Янги Ўзбекистон қиёфаси” мақоми берилган 33 та туман ва 330 та маҳалла учун маҳаллий бюджетларга 3,9 триллион сўм ажратилди. Оғир тоифадаги 37 та туман ва 903 та маҳаллага жами 3,9 триллион сўм ҳамда маҳаллий бюджетлардан 1,3 триллион сўм, 283 та “драйвер” лойиҳаларга биринчи босқичда 1 триллион сўм ажратилди.

      Йил якунига қадар гавжум кўчалар, соҳилбўйи ва йўлбўйи инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун жами 1,2 триллион сўм, туризм салоҳияти юқори бўлган 150 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 450 миллиард сўм, 400 та маҳаллада 50 та микросаноат марказларини ташкил қилиш учун 150 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

      Давлатимиз раҳбари жорий рақамлар ижобий бўлишига қарамасдан, ҳеч бир раҳбар хотиржамликка берилиши мумкин эмаслигини таъкидлади. Ҳозирги мураккаб вазиятда хавф-хатарларни олдиндан кўра билиш, уларни юмшатиш бўйича аниқ режалар билан ишлаш, тармоқлар ва ҳудудларда муаммоларни кутиб ўтирмасдан, уларга тезкор ечим топиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

      Масъулларга инфляцияни жиловлаш, саноат ва экспорт кўрсаткичларини таъминлаш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, банк тизими ва қурилиш дастурларидаги муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.