ICESCO:"Ўзбекистонда ўтказилган Ислом цивилизацияси бўйича биринчи халқаро форум декларацияси йирик халқаро ташаббусларни эълон қилди"
ICESCO:"Ўзбекистонда ўтказилган Ислом цивилизацияси бўйича биринчи халқаро форум декларацияси йирик халқаро ташаббусларни эълон қилди"
ICESCO расмий сайтининг ёзишича, Ўзбекистонда ўтказилган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми якунида қабул қилинган декларация ислом цивилизацияси меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган йирик халқаро ташаббусларни илгари сурди. Ҳужжатда Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси бўйича Глобал форумни таъсис этиш, ягона рақамли реестр ва кутубхона яратиш, халқаро мукофот ҳамда жамғарма ташкил этиш каби ташаббуслар эълон қилинди.
2026 йил 7–11 июль кунлари Ўзбекистонда «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва маърифат йўли» мавзусида ўтказилган Биринчи халқаро форум иштирокчилари форум декларациясини қабул қилди. Унда глобал тинчликни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурматни қарор топтириш ҳамда ислом цивилизациясининг бой меросини қайта тиклаш, асраш ва кенг тарғиб этишга қаратилган қатор илғор халқаро тавсия ва ташаббуслар илгари сурилди.
Декларацияни Ислом дунёси таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) Бош директори доктор Салим М. Алмалик ўқиб эшиттирди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурган ислом цивилизациясининг инсоният учун умумий бўлган меросини қайта тиклаш, ўрганиш ва тарғиб этишга қаратилган тарихий ташаббуси юксак баҳоланди. Таъкидланишича, мазкур эзгу ғоя Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши ва ушбу илк форумнинг ташкил этилиши орқали амалий ифодасини топди.
Декларацияда ислом цивилизациясининг гуманитар илмлар, ахлоқий ва маънавий тафаккур тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси алоҳида қайд этилди. Шунингдек, диний ва маданий меросни илмий асосда тадқиқ этиш халқаро ишончни мустаҳкамлаш, ислом ҳақидаги нотўғри тасаввурларни бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Шунингдек, Ўзбекистонда Ислом цивилизацияси бўйича Глобал форумни таъсис этиш эълон қилинди. Ушбу форум халқаро ташкилотлар, академик ва илмий муассасалар ҳамда соҳага оид ташкилотлар саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, ислом цивилизацияси меросини муҳофаза қилиш ва унинг қадрини юксалтиришга хизмат қилади.
Декларацияда қуйидаги халқаро ташаббуслар ҳам илгари сурилди:
➖Қўлёзмалар, архив материаллари, археологик ёдгорликлар, номоддий маданий мерос ва илмий тадқиқотларни қамраб олувчи махсус рақамли платформа орқали ислом цивилизацияси меросининг ягона жаҳон рақамли реестрини яратиш;
➖«Ислом цивилизацияси: бутун инсоният мероси» номли халқаро дастурни амалга ошириш, унинг доирасида халқаро кўргазмалар, конференциялар, таълим лойиҳалари ва ислом цивилизациясининг илм-фан, маданият ҳамда таълимга қўшган ҳиссасини ёритувчи маданий тадбирларни ташкил этиш;
➖Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, сақлаш ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшган олим ва мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида Ислом цивилизацияси бўйича халқаро мукофот таъсис этиш;
➖Илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш ва тадқиқотчиларни тайёрлаш учун Ислом цивилизациясини ўрганиш бўйича халқаро жамғарма ташкил этиш;
➖Қўлёзмалар, илмий асарлар, архив ҳужжатлари ва таълим ресурсларини ўз ичига олган Ислом цивилизациясининг рақамли кутубхонасини яратиш;
➖Машҳур алломалар таржимаи ҳоллари, илмий мактаблар, маданий ёдгорликлар ва ислом оламининг энг муҳим ютуқларини қамраб олувчи «Ислом цивилизацияси халқаро энциклопедияси»ни нашр этиш;
➖Ислом цивилизацияси меросининг ҳолати, мерос объектлари, илмий тадқиқотлар натижалари ва мавжуд муаммолар ҳақида ҳар йили халқаро ҳисобот тайёрлаш;
➖Ислом дунёси ёш тадқиқотчилари, олимлар, талабалар ва маданий мерос соҳаси мутахассислари учун «Ислом цивилизацияси бўйича халқаро ёшлар форуми» номли доимий мулоқот платформасини ташкил этиш;
Етакчи музейлар ва кўргазмалар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма кўргазмалар, тадқиқот, реставрация, таълим ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейлари халқаро иттифоқини таъсис этиш.
Декларация якунида мазкур ташаббусларни 2030 йилга қадар амалга ошириш бўйича аниқ ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди. Шунингдек, барча иштирокчи давлатлар, халқаро ташкилотлар ва илмий муассасалар ушбу ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишда фаол ҳамкорлик қилишга чақирилди.







