I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари 10 та глобал ташаббусни илгари сурди
I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари 10 та глобал ташаббусни илгари сурди
Айни кунда Тошкентда ўтаётган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш, рақамлаштириш ва дунё миқёсида тарғиб қилишга қаратилган 10 та глобал ташаббусни илгари сурди. Таклифлар орасида Ислом цивилизацияси Бутунжаҳон форуми, халқаро рақамли реестр, глобал рақамли кутубхона, халқаро мукофот, тадқиқот жамғармаси, музейлар иттифоқи ва 2030 йилгача бўлган халқаро “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш каби ташаббуслар бор.
Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш бўйича I Халқаро ислом цивилизацияси форуми иштирокчилари Тошкентда 10 та йирик глобал ташаббусни илгари сурди. Мазкур таклифлар Ислом цивилизациясининг жаҳон илм-фани, маданияти, таълими ва интеллектуал меросидаги ўрнини кенг ёритиш, шунингдек, уни келажак авлодлар учун асраб-авайлашга қаратилган.
Биринчи ташаббус – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Ислом цивилизацияси Бутунжаҳон форумини ташкил этишни таклиф қилинди. Ушбу платформа халқаро ташкилотлар, олимлар, илмий муассасалар, музейлар, кутубхоналар, архивлар, қўлёзмалар марказлари, тадқиқот институтлари ва бошқа тегишли тузилмаларни бирлаштириши кўзда тутилмоқда.
Таклиф этилаётган Бутунжаҳон форум ёки альянс узоқ муддатли халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма илмий, таълимий, маданий, музей ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, билим ва илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Иккинчи – Ислом цивилизацияси меросининг Бутунжаҳон рақамли реестрини яратишдан иборат. Унда қўлёзмалар, архив ҳужжатлари, музей тўпламлари, меъморий ёдгорликлар, номоддий маданий мерос объектлари ва илмий тадқиқот натижаларини ягона халқаро рақамли тизимга жамлаш таклиф этилмоқда.
Учинчи – “Ислом цивилизацияси мероси — бутун инсоният мероси” халқаро дастурини амалга ошириш таклиф қилинди. Дастур халқаро кўргазмалар, таълим лойиҳалари, илмий конференциялар, нашриёт ташаббуслари ва маданий тадбирларни қамраб олади.
Форум иштирокчилари, шунингдек, Ислом цивилизацияси меросини ўрганиш, асраш ва тарғиб қилиш, илм-фан, таълим, маданиятлараро мулоқот ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган шахс ва ташкилотларни эътироф этиш мақсадида Халқаро Ислом цивилизацияси мукофотини таъсис этишни таклиф қилди.
Бешинчи ташаббус – Ислом цивилизациясини тадқиқ этиш халқаро жамғармасини ташкил этиш билан боғлиқ. У фундаментал илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, тарихий ёдгорликларни реставрация қилиш, ёш олимларни тайёрлаш, нашриёт ташаббусларини рағбатлантириш ва халқаро академик ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Олтинчи – Ислом цивилизациясининг глобал рақамли кутубхонасини яратиш таклиф этилди. Ушбу кўп тилли платформа қўлёзмалар, илмий асарлар, архив ҳужжатлари, музей коллекциялари, таълим ресурслари ва рақамли кўргазмаларни бирлаштириши назарда тутилмоқда.
Еттинчи ташаббус – Ислом цивилизацияси халқаро энциклопедиясини тайёрлашга қаратилган. Кўп жилдли фундаментал илмий нашрда Ислом цивилизацияси тарихи, буюк алломалар, илм мактаблари, маданий ёдгорликлар ва ислом оламининг муҳим ютуқлари кенг ёритилиши режалаштирилмоқда.
Саккизинчи таклиф – Ислом цивилизацияси меросининг ҳолати бўйича ҳар йилги халқаро таҳлилий маърузани тайёрлаш амалиётини йўлга қўйишдан иборат. Унда маданий мерос объектларининг ҳолати, илмий тадқиқотлар натижалари, мавжуд муаммолар ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари таҳлил қилинади.
Тўққизинчи ташаббус – Ислом цивилизацияси бўйича халқаро ёшлар форумини ташкил этишни назарда тутади. Бу майдон ёш олимлар, тадқиқотчилар, талабалар ва маданий мерос мутахассисларини бирлаштириб, келажак авлод экспертларини тайёрлашга хизмат қилади.
Ўнинчи – Ислом маданияти, санъати ва цивилизацияси музейларининг халқаро иттифоқини ташкил этиш таклиф қилинди. У турли мамлакатлардаги етакчи музейлар, музей мажмуалари, галереялар ва ихтисослаштирилган муассасалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Мазкур иттифоқ қўшма кўргазмалар ташкил этиш, илмий тадқиқотлар ўтказиш, реставрация, таълим ва рақамли лойиҳаларни амалга ошириш, коллекциялар, илғор тажрибалар ва мутахассислар алмашинувини йўлга қўйишга хизмат қилади.
Форум доирасида сайланган Халқаро форум кенгаши доимий мувофиқлаштирувчи орган сифатида фаолият юритади. Унга форум иштирокчилари томонидан билдирилган ташаббус ва таклифларни умумлаштириш, улар асосида 2030 йилгача бўлган қўшма ҳаракатлар бўйича халқаро “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилади.
Ушбу “Йўл харитаси” декларацияда белгиланган ташаббусларни амалий ҳаётга татбиқ этиш механизми сифатида форум иштирокчилари, халқаро ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматига тақдим этилиши режалаштирилмоқда.
Форум иштирокчилари давлатлар, халқаро ташкилотлар, илмий муассасалар, олий таълим муассасалари, музейлар, кутубхоналар ва жамоат ташкилотларини ушбу ташаббусларни амалга оширишда ҳамкорликка чақирди.
Таъкидланишича, мазкур ташаббуслар тинчлик, ўзаро ҳурмат, таълим ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашга, шунингдек Ислом цивилизациясининг бой меросини жаҳон маданий меросининг ажралмас қисми сифатида асраш ва кенг тарғиб этишга хизмат қилади.








