Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонаси
Хожа Муҳаммад Порсо кутубхонаси
Тасаввуф илмининг Нақшбандия мактаби ислом оламига мутасаввуф шайхлар билан бир қаторда етук олимларни ҳам етиштириб берган. Улардан бири Хожа Муҳаммад Порсо ал-Бухорийдир. Унинг исми-шарифидаги «ал-Бухорий» қўшимчасига асосланиб айтиш мумкинки, Порсо Бухорода туғилган. У мадрасаларда ўқиб, Қуръон, ҳадис, калом каби турли диний илмларни чуқур ўрганиб, замонасининг забардаст кишилардан бири бўлиб етишган ва Баҳоуддин Нақшбанддан сўнг Марказий Осиёда нақшбандия оқимининг энг йирик вакили ҳамда тарғиботчиси сифатида машҳур бўлган.
Хожа Порсонинг 18 дан зиёд асари бўлиб, энг машҳурлари “Рисолаи қудсия”, “Тафсири Қуръон”, “Фаслу-л-хитоб”, “Рисола дар одоби мурид”, “Рисолаи кашфия”, “Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд”, “Мақомоти Алоуддин Аттор”, “Хафтоди ду фирқа” ва бошқалардир.
Баҳоуддин Нақшбанд, Алоуддин Аттор каби ҳакимларнинг ҳикматлари, ўгитлари, таржимаи ҳолларига доир қимматли маълумотлар, шунингдек, шариату тариқат, маърифату ҳақиқатга доир нодир фикрларнинг бизнинг кунимизгача сақланиб қолишида
Хожа Порсонинг хизмати катта.
Хожа Муҳаммад Порсо ўзидан жуда бой шахсий кутубхона қолдирган. Маълумотларда кутубхонада сақланган қўлёзмалар сони 144 тага етган. Имом Мотуридийнинг асарлари ҳам асосан шу кутубхонада сақланган.
Ўз даврида жуда машҳур бўлган ушбу кутубхонаси орқали Мовароуннаҳрдан, хусусан, Бухородан етишиб чиққан кўплаб мутафаккирлар китобларининг бизгача етиб келишида Муҳаммад Порсонинг хизмати беқиёс. Унинг асарларида келтирилган юздан ортиқ улуғ мутасаввиф орасида бизга номаълум ватандошларимизнинг номлари ҳам бор.




