Хорижий инвесторлар билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари

Хорижий инвесторлар билан ҳамкорликнинг янги йўналишлари

 

paoraprprbtbutu.jpg

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 18 июнь куни Халқаро конгресс марказида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, етакчи хорижий компаниялар, банклар ва молиявий институтлар раҳбарлари ҳамда Марказий Осиё ва Кавказ мамлакатларидаги инвесторлар кенгашларининг аъзолари бўлган нуфузли халқаро ташкилот ва тузилмалар вакиллари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда сўзга чиқиб, сўнгги йилларда Президент ҳузуридаги кенгаш амалий ислоҳотлар майдонига айланиб, мамлакатимиз ва жаҳон инвестиция ҳамжамияти ўртасидаги ишончли кўприк сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлаганини таъкидлади.

Кенгаш мустақил ассоциация мақомини олиб, мамлакат иқтисодиётининг 23 та тармоғида фаолият юритувчи 85 та компанияни бирлаштирди. Ижроия қўмитаси таркибига Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ҳамда Халқаро молия корпорацияси киради.

Президентимиз кенгаш ишбилармонларнинг ташаббуслари давлат сиёсатида ўз амалий ифодасини топадиган самарали очиқ мулоқот майдони бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Шу боис, халқаро инвесторлар билан тўғридан-тўғри ҳамкорликни сақлаб қолиш ҳамда қайта алоқа механизмларини янада такомиллаштириш муҳим эканига алоҳида урғу берилди.

Йиғилиш якунида барча таклифларни умумлаштириб, ягона “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, амалга ошириш муддатлари ва назорат механизмларини аниқ белгилаш топширилди.