Хориж нашрида миллий урф-одат ва анъаналаримиз, миллий либосларимиз ҳақида
Хориж нашрида миллий урф-одат ва анъаналаримиз, миллий либосларимиз ҳақида

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) қошидаги Маданият институтининг «ECO Heritage» журналида «Анъанавий ўзбек миллий либослари» сарлавҳали мақола чоп этилди. Мақолада ҳар бир мамлакатнинг миллий хусусиятларини урф-одатлар, анъаналар, таомлар ва либослардан фарқлаш мумкинлиги қайд этилган. «Ўзбек миллий либосларининг ўзига хослиги иқлим, турмуш шароити, урф-одат ва анъаналар билан ажралиб туради. Ўзбек миллий либослари жуда ёрқин, чиройли ва шинам», дея эътироф этилади мақолада.
«Ўзбекистонда миллий бош кийим – бу ўзбек дўпписи ҳисобланади. Махсус байрам тантаналари учун ёрқин ва ранг-баранг кашта ва нақшларга, олтин кашталар билан безатилган нафис дўппилар тикилади», деб ёзади «ECO Heritage» муаллифи.
Нашрга кўра, анъанавий ўзбек хотин-қизлари либослари, асосан, хон-атлас ва шойидан тикилади. Байрам тантаналарида ўзбек аёллари киядиган либослар ҳам атлас матосидан тайёрланади ва уларда турли кашталардан фойдаланилади. «Ўзбек аёллари уч хил — дўппи, рўмол ва саллага ўхшаган бош кийимлардан фойдаланади. Хотин-қизларнинг анъанавий байрам кийимларининг ажралмас қисми олтин ва кумушдан ясалган сирғалар, билакузуклар, маржон каби заргарлик буюмлари ҳисобланади», - дейилади материалда.
Мақолада ота-боболари меросини давом эттириб келаётган ҳунармандлар сулолалари меҳнати самарасида Ўзбекистоннинг заргарлик санъати анъаналари сақланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётганига алоҳида тўхталиб ўтилган: «Ўзбекистон заргарлик дўконларида ўзбекларга хос миллий услубда тайёрланган олтин ва кумуш маҳсулотларни кўришингиз мумкин. Ўзбек заргарларининг бетакрор услубига бўлган қизиқиш мамлакат ташқарисида ҳам ортиб бормоқда. Ўзбекистон заргарлик санъати аждодлар томонидан минг йиллар давомида тўпланган билим ва ҳунармандчилик сирларини асраб-авайлаб, давом эттириб келинаётган ўзига хос миллий маданиятдир».
Шунингдек, мақолада 2020 йил 15-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган «Ўзбекистоннинг маданий мероси – янги Уйғониш даври пойдевори» IV халқаро конгресси ва Маданий мерос ҳафталиги натижаларига алоҳида ўрин берилган. Маданий мерос ҳафталиги доирасида ташкилотчилар томонидан «Миллий либослар - янги Уйғониш даври дурдонаси» модалар намойиши, китоблар ярмаркаси, амалий санъат кўргазмаси, маданий меросни асраш ва тиклашга бағишланган илмий учрашувлар ва бошқа тадбирлар ўтказилгани таъкидланган.
Мақолада «Миллий либослар — янги Уйғониш даври дурдонаси» модалар намойишидаги миллий ўзбек либосларида кўп йиллик анъаналар акс этгани алоҳида қайд этилган. «Бу жараёнга турли мутахассислар - санъатшунослар, дизайнерлар, модельерлар, тарихчилар жалб этилди. 19-аср охири — 20-аср бошларидаги Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан 50 нусхага яқин тарихий либосларнинг кенг тўплами намойиш этилди», деб ёзади «ECO Heritage».
Таъкидлаш жоизки, мазкур мақолада эътироф этилган миллий урф-одат ва анъаналаримиз, миллий либосларимиз — миллий ўзига хослигимизнинг ёрқин ифодасидир. Миллий анъана ва одатларимизнинг хорижий нашрларда, қолаверса, халқаро ташкилотлар томонидан алоҳида эътироф этилиши миллийлигимизнинг кенг тарғиботига хизмат қилади.
“Дунё” АА




