Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний ва Ибн Сино мероси америкалик сайёҳларни ҳайратга солди
Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний ва Ибн Сино мероси америкалик сайёҳларни ҳайратга солди
Марказий Осиё тарихи ва цивилизациялар меросига қизиқиш билдирган америкалик сайёҳлар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифлари давомида минтақа алломаларининг жаҳон илм-фани ва тафаккури тараққиётидаги ўрни билан яқиндан танишдилар. Улар учун Марказдаги саёҳат шунчаки тарихий экспонатларни томоша қилиш билан чекланмади — меҳмонлар Биринчи Ренессанс даврида Марказий Осиёда шаклланган илмий муҳит, бугунгача етиб келган улкан мерос ва унинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига таъсири ҳақида янги тасаввурларга эга бўлдилар.
Ташриф аввалида Марказ кутубхонасида Биринчи Ренессанснинг беш буюк қомусий алломаси — Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино меросига бағишланган махсус семинар ташкил этилди.
Илмий мулоқот давомида алломаларнинг математика, астрономия, фалсафа, тиббиёт ва бошқа соҳалар ривожига қўшган ҳиссаси, улар яратган илмий мактаблар ҳамда бу билимларнинг кейинги цивилизациялар тараққиётига таъсири ҳақида сўз юритилди.
Америкалик сайёҳ Дейл Эриксон учун Биринчи Ренессанс тарихи айниқса катта қизиқиш уйғотди. Унинг таъкидлашича, Ғарбда Европа Ренессанси ҳақида кенг маълумот мавжуд бўлса-да, ундан анча аввал Марказий Осиёда кечган илмий ва интеллектуал юксалиш ҳақидаги тасаввур Ғарб жамоатчилигида ҳали етарлича шаклланмаган.
«Марказий Осиёдаги Биринчи Ренессанс ҳақида Ғарбда деярли маълумотга эга эмасмиз. Биз Европа Ренессанси ҳақида кўп эшитамиз, аммо ундан анча аввал бу ҳудудда шаклланган илмий ва интеллектуал муҳитнинг кейинги тараққиётга қўшган ҳиссасини тўлиқ англамаймиз», — дейди Дейл Эриксон.
Сайёҳнинг фикрича, Марказий Осиёда яратилган улкан илмий мерос кейинчалик бошқа ҳудудларга, жумладан, Европага ҳам кириб борган. Бироқ бу жараён қисқа вақт ичида эмас, балки бир неча аср давомида кечган билим ва ғоялар алмашинуви натижасида шаклланган.
«Марказий Осиёда яратилган билимларнинг Европага етиб бориши учун тўрт-беш аср вақт керак бўлганини англаш мен учун ниҳоятда қизиқарли ва ҳайратланарли бўлди. Бу жараён цивилизациялар ўртасидаги илмий алмашинув қанчалик узоқ ва мураккаб кечганини кўрсатади», — дейди америкалик сайёҳ.
Семинардан сўнг меҳмонлар Марказ экспозициялари бўйлаб саёҳат қилиб, Марказий Осиёда шаклланган илмий ва маданий мероснинг турли тарихий даврлар ҳамда цивилизациялар тараққиёти билан боғлиқ жиҳатлари билан танишдилар. Тарихий артефактлар, рақамли технологиялар ва интерактив экспозициялар уларга ўтмишда яратилган илмий кашфиётлар ва ғояларни замонавий нуқтаи назардан англаш имконини берди.
Дейл Эриксон Марказда намоён этилган тарихий ва илмий мероснинг кўлами унинг таассуротларини янада бойитганини таъкидлади.
«Бу ерда цивилизацияларимиз тарихига оид ниҳоятда катта ҳажмдаги бебаҳо билим ва тафаккурни кўрдим. Бу қадар улкан илмий меросни бир вақтнинг ўзида англаб етиш осон эмас. Марказ жуда таъсирчан таассурот қолдирди. Мен ундан жуда катта таассурот олдим», — деди у.
Америкалик сайёҳ Марша Пауэрс эса Марказда тарихий мероснинг замонавий музей технологиялари билан уйғунлаштирилганини алоҳида эътироф этди. Унинг фикрича, экспозицияларнинг мазмуни билан бир қаторда, уларни тақдим этиш усули ҳам Марказнинг ўзига хос жиҳатларидан биридир.
«Бу Марказ мени чиндан ҳам ҳайратда қолдирди. Бу ердаги экспонатлар ниҳоятда ажойиб ва гўзал. Аммо мени янада таъсирлантирган жиҳат — экспозицияларнинг замонавий видеолар, интерактив имкониятлар ва ёритиш тизими орқали тақдим этилганидир. Мен Хитой, Япония, Жанубий Америка ва бошқа кўплаб мамлакатларда бўлганман. Аммо бу — ташриф буюрганларим орасидаги энг ажойиб музейлардан бири. Ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли таассурот қолдирди», — деди Марша Пауэрс.
Америкалик сайёҳларнинг таассуротлари Биринчи Ренессанс мероси бугун ҳам турли мамлакатлар вакилларида катта қизиқиш уйғотаётганини кўрсатади. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний ва Ибн Сино сингари буюк алломаларнинг илмий мероси нафақат Марказий Осиё тарихининг, балки жаҳон илмий тафаккури тараққиётининг ҳам ажралмас қисми ҳисобланади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу улкан меросни замонавий экспозиция ва илмий-маърифий ёндашувлар орқали кенг жамоатчиликка тақдим этмоқда. Бу ерда тарих фақат ўтмиш ҳақида ҳикоя қилмайди — у турли мамлакатлар вакилларини умумий илмий мерос, цивилизациялар мулоқоти ва инсоният тафаккурининг муштарак тарихи ҳақида янада чуқурроқ ўйлашга ундайди.









