ХИТОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

ХИТОЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИГА ТАШРИФ БУЮРДИ

2023 йилнинг 20 сентябрь куни Хитой Этник ишлар бўйича миллий комиссияси раҳбари Пан Юэ бошчилигидаги делегация Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Меҳмонлар Марказ раҳбарияти томонидан кутиб олинди. Меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда амалга ошираётган диний-маърифий соҳада, хусусан, ислом дини меросини қайта тиклаш, маърифий ислом ғоясини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, марказнинг мақсад ва вазифалари, унинг таркибидан ўрин олувчи музей ва унинг бўлимлари ҳақида тўлиқ маълумот берилиб, мамлакатимиздаги қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва уларни рўйхатга олиш бўйича қилинаётган ишлар ва Марказ фондида сақланаётган “Шарқ ва Ғарб” коллекцияси ҳақида сўзлаб берилди.  

Ўз навбатида Пан Юэ жаноблари халқларимиз ўртасидаги тарихий алоқалар бир неча асрларга бориб тақалиши, минтақалар ўртасидаги маданий ва иқтисодий ҳамкорлик Буюк ипак йўлининг гуллаб яшнаган даврига тўғри келганини, бугунги кунда икки давлат ҳамкорлиги изчил ривожланаётганини айтиб ўтди.

Делегация раҳбари Марказ музейида Буюк ипак йўлида содир бўлган тарихий жараёнлар акс эттирилаётганидан мамнунлигини айтиб, Хитой олимларини ҳам музей ишлари ва қўлёзмаларни тадқиқ қилиш йўналишларига жалб қилиш таклифини билдирди. Шунингдек, мезбон Марказ мутахассисларини Хитой Миллий комиссияси томонидан ташкил этиладиган кўргазмада иштирок этишга таклиф қилди.  

Учрашув дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтди.