Халқаро онлайн анжуман
Халқаро онлайн анжуман

Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Термизий уламоларнинг ислом тамаддуни ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида ташкил этилган халқаро онлайн анжуман бўлиб ўтди. Унинг ишида ИРСИКА, АЙСЕСКО халқаро ташкилотлари, шунингдек Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари иштирок этдилар.
Маълумки, Ўзбекистон – дунё тамаддуни ва ислом дини риввожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар, азиз-авлиёлар юрти сифатида шуҳрат қозонган.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аждодларимиз меросини илмий асосда чуқур ўрганиш, миллий қадриятларимизни асраб авайлаш, уларни янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган эзгу ишлар Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини янада ошириш, ёшларимизни миллий қадриятларимизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган онлайн анжуман эзгу ташаббусларнинг мантиқий давомидир.

Анжуманда Туркия, АҚШ, Ҳиндистон, Покистон, Россия, Ироқ, Миср, Афғонистон каби давлатлардан олимлар ҳамда Ўзбекистондан 40 га яқин таниқли уламолар, етук олимлар, нуфузли университетлар, илмий-тадқиқот марказлари вакиллари иштирок этдилар.
Анжуманни ташкил этишдан кўзланган мақсад – дунё ислом мамлакатларида азалдан ўрганиб келинаётган Имом Термизий илмий меросининг мазмун-моҳиятини батафсил очиб бериш, ушбу мероснинг ўзига хос хусусиятларини жаҳон афкор оммасига намоён этиш, афзалликлари ва тарбиявий аҳамиятини кенг ёритиш ҳамда халқларимиз, айниқса, ёш авлодни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш ҳамда бузғунчи қарашлардан сақлаш, шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий янгиланишлар ва ўзгаришлардан соҳани тарғиб қилиш ҳисобланади.
Анжуман ишида Имом Термизий меросининг ўзига хос хусусиятлари, афзалликлари ва мўътадиллиги, ушбу мероснинг миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлашдаги роли ҳамда мазҳабсизлик ва адашган оқимларга қарши курашишдаги аҳамияти, ёшларимиз ўз эътиқоди ва мазҳабини яхши билса, ҳар хил оқим аъзолари уларни чалғита олмаслиги кабилар кенг муҳокама қилинди.
Тадбир якунида халқаро анжуманнинг якуний баёноти таҳлил этилиб, иштирокчилар томонидан қабул қилинди.




