Халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси яратилди
Халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси яратилди

Бобур номли халқаро жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида буюк аждодимизнинг бой маънавий, илмий, ижодий меросини ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда.
Фонд ҳомийлигида 50 дан зиёд китоблар нашр этилди. Буюк аждодимиз таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан Бобур фонди ва Россия Фанлар академиясининг Туркшунослик институти ҳамкорлигида 5 жилдлик “Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Қомусий, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами”и нашрдан чиқарилди.
Бобур сиймосини абадийлаштириш, унинг ўлмас меросини кенг тарғиб этиш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлигининг бевосита қўллаб-қувватлаши билан Халқаро илмий бобуршунослик электрон платформаси яратилди.. Айни пайтда платформани янада мукаммал шаклга келтириш, унинг мобиль иловасини яратиш устида иш олиб борилмоқда.
Платформанинг бош саҳифасига танланган контент ва маълумотлар мактаб ёшидаги болалардан тортиб катта ёшли аудиторияни ҳам ўзига жалб қилиши назарда тутилиб, бобурийлар даврига оид сара миниатюралар, асарлардан иқтибослар ҳамда “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ҳужжатли тарихий драмасидаги керакли видеолавҳалар ажратиб олинди ва мавзулаштирилган ҳолда жойлаштириб чиқилди.
Платформанинг “Виртуал саёҳат” бўлимида “Бобур ва жаҳон маданияти музейи”, “Боғи Бобур истироҳат боғи”, “Бобурнинг рамзий қабри”, “Бобур халқаро жамоат фонди”, “ Андижон шаҳарсозлик маданияти” музейларига саёҳат қилиш имконияти яратилди.




