Гиннес рекордига кирган мажмуа: АҚШ элчихонаси ходимлари Ислом цивилизацияси марказига юқори баҳо берди
Гиннес рекордига кирган мажмуа: АҚШ элчихонаси ходимлари Ислом цивилизацияси марказига юқори баҳо берди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ислом цивилизацияси марказига Америка Қўшма Штатлари элчихонаси ходимларидан иборат делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар Марказга кириб келган илк дақиқаларданоқ унинг ташқи кўриниши, улканлиги ва маҳобатидан катта таассурот олганликларини таъкидладилар. Хусусан, 10 гектар майдонда жойлашгани, 65 метрлик улкан гумбазининг Тошкент шаҳри марказидан ҳам яққол кўриниб туриши уларни ҳайратга солгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, Марказнинг айнан ҳажми ва кўлами жиҳатидан Guinness World Recordsга киритилгани ҳақиқатан ҳам асосли экани эътироф этилди.
Саёҳат “Буюк сиймолар галереяси”дан бошланди. Бу ерда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврининг буюк алломалари тасвирлангани делегация вакилларини ҳайратга солди. Қўл меҳнати билан яратилган ушбу композициялар санъат ва тарих уйғунлигининг ноёб намунаси сифатида эътироф этилди.
Исломдан аввалги давр экспозициясида меҳмонлар милоддан аввалги даврлардан то милодий VIII асргача бўлган тарихий босқичлар билан танишдилар. Айниқса, Юнон-Бақтрия давридаги илк пул тизимини акс эттирувчи Александр III ва Кушон подшолигига мансуб тангалар алоҳида эътибор марказида бўлди.
Фарғона цивилизацияси бўлимида намойиш этилган VII–IX асрларга тегишли қанотли отлар тасвири туширилган мато парчалари, кумуш ва олтин лаганлар ҳамда сопол чавандоз ҳайкалчалари делегацияда “самовий отлар” ҳақидаги тасаввурларни янада бойитди. Шунингдек, ўша даврдаги савдо-сотиқ ва ҳаёт тарзининг замонавий технологиялар орқали ёритилиши меҳмонларда жонли таассурот қолдирди.
Лаура Браун, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси жамоатчилик дипломатияси бўйича маслаҳатчи:
“Ислом цивилизацияси марказининг Guinness World Recordsга киритилиши тўлақонли ва муносиб эътирофдир. Бу ниҳоятда улуғвор ва мазмунан бой маскан бўлиб, ўзбек цивилизацияси нафақат ушбу минтақа, балки бутун инсоният учун муҳим аҳамият касб этади. Бу Ўзбекистон учун катта ютуқ, шунингдек Президент Шавкат Мирзиёевнинг муваффақиятли ташаббусидир.
Бу музейнинг яна бир ўзига хос жиҳати — унинг интерактивлигида. Бу ерда тарих гўё жонланади: турли замонавий усуллар орқали қадимги Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳаёти, ҳатто бугунги кунгача бўлган жараёнлар аниқ ва таъсирчан тарзда намоён этилади. Тақдим этилган маълумотларнинг кенглиги, чуқурлиги ва уларнинг жонли шаклда етказилиши ҳақиқатан ҳам инсонни ҳайратга солади”.
Иккинчи Ренессанс бўлимида эса сарой кутубхонаси экспозицияси ва Амир Темур давридаги бунёдкорлик ва илм-фанга бўлган эътиборнинг намоён этилиши делегацияда чуқур таассурот қолдирди. Умар Ақто томонидан кўчирилган Қуръони Карим нусхаси, шунингдек, интерактив технологиялар орқали Амир Темур ва унинг авлодлари билан “мулоқот қилиш” имконияти меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Айниқса, Амир Темур давлатидаги бошқарув ва давлатчилик тамойиллари улар томонидан юқори баҳоланди.
Анна Балог, АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маданият бўлими ходими:
“Мен турли музейларда бўлганман, аммо бу марказга ўхшаш жойни эслай олмайман. У мен илгари кўрган ҳеч бир масканга ўхшамайди — кенг кўламли, салобатли ва ниҳоятда гўзал.
Америкалик ташриф буюрувчилар учун бу марказ катта маърифий аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Улар бу ерга келиб, Ўзбекистон тарихи ва Ислом цивилизацияси ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлишади. Шу орқали бугунги маданият айнан шу бой тарихий илдизларга таяниб шаклланганини янада яхшироқ англайдилар.
Менимча, бу марказнинг энг жозибали жиҳати — унинг ҳар бир қисмида мужассам. Бу жуда улкан мажмуа бўлиб, қурилишда ишлатилган мармар, қадимий олтин буюмлар, турли макетлар, замонавий компьютер технологиялари асосида яратилган видеоматериаллар ва интерактив экспозициялар — буларнинг барчаси ўзига хос ва таъсирчан. Ҳар бир элемент ташриф буюрувчини ҳайратга солади ва бу масканни унутилмас тажрибага айлантиради”.
“Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида нафақат мамлакатнинг бугунги ҳаёти ва келажаги, балки халқаро муносабатлардаги ўрни ҳам кенг ёритилганини алоҳида таъкидладилар. Шунингдек, АҚШ Президентининг махсус вакили Паоло Замполли томонидан тақдим этилган китобнинг Марказда намойиш этилиши меҳмонларда катта ҳурмат ва қизиқиш уйғотди.
Экскурсия якунида делегация Марказнинг энг таъсирли қисми — Қуръони Карим зали билан танишди.
Ташриф якунида Америка элчихонаси ходимлари Марказни нафақат музей, балки тарих, маърифат ва замонавий технологиялар уйғунлашган ноёб маскан сифатида юқори баҳоладилар. Улар ушбу мажмуа ҳар бир ташриф буюрувчи учун унутилмас таассурот қолдиришини алоҳида таъкидладилар.










