Етти пирнинг устози
Етти пирнинг устози

Мусулмон Шарқида ўтган машҳур шайхлардан бири, Хожагон тариқатининг асосчиси Ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний 1103 йилда ҳозирги Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани ҳудудида туғилган. У бошланғич таълимни Ғиждувонда олиб, 9 ёшидаёқ Қуръони каримни ёд билган, 10 ёшидан бошлаб дарвешларнинг зикр мажлисларида фаол иштирок этган. Кейин таҳсилни Бухоро шаҳрининг машҳур мадрасаларида давом эттиради. Бу ерда у Имом Садриддин исмли замонасининг етук алломасидан тафсир илмини мукаммал ўрганади.
Абдулхолиқ 22 ёшида Бухорога келиб, ўша даврнинг донгдор шайхи ҳазрати Хожа Юсуф Ҳамадоний (1048-1140) билан учрашади ва унга шогирд тушади. У устози Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний таълимотини ҳар томонлама кенгайтириб ва чуқурлаштириб, хожагон тариқатининг 8 рашҳа-қоидасини ишлаб чиқди.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг тасаввуф тарихидаги буюк хизмати янги бир тариқатга асос солгани билангина белгиланмайди. Хожагон тариқати воситасида у тариқатни янги босқичга олиб чиқди. Шариатга амал қилиш, ундан чекинмасликни асосий қоидага айлантирди. Таркидунёчилик ва хилватни рад этиб, жамоат билан бирга бўлишни шарт қилиб қўйди.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний тасаввуф оламида машҳур кўплаб шогирдлар тарбиялаб етиштирган. Унинг вафотидан кейин хожагон тариқати Ҳазрати Хожа Ориф Ревгарий (Моҳитобон), Ҳазрати Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Ҳазрати Хожа Али Ромитаний, Ҳазрати Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Ҳазрати Хожа Саййид Мир Кулол Бухорий, Ҳазрати Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби ўз замонасининг донгдор шайхлари томонидан давом эттирилган ва мазкур устоз-шогирдлар «Етти пир» номи билан кенг шуҳрат қозонган.
Абдулхолиқ Ғиждувоний ўз таълимотини ваъзлари орқали тарғиб қилиш билан кифояланмай, бир қатор рисолалар ҳам ёзган. «Одоби тариқат» («Тариқат одоби»), «Рисолаи соҳибия» («Дўстлик рисоласи»), «Аз гуфтори Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний» («Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг баъзи сўзлари»), «Рисолаи шайхуш-шуюх Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний» («Шайхлар шайхи Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний рисоласи») асарлари шулар жумласидандир.
Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг қабри Ғиждувон шаҳрининг марказида жойлашган. Абдулхолиқ Ғиждувоний жомеъ масжиди ва зиёратгоҳи Мустақилликдан сўнг қайта тикланди. Айниқса, 2003 йили Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг 900 йиллик таваллуди олдидан зиёратгоҳда катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, Абдулхолиқ Ғиждувоний ҳазратлари қабрлари тепасидаги ўн устунли айвон янгидан барпо қилинди (Бу ҳазратнинг силсилаи шарифда ўнинчи ўринда турганликлари рамзий белгиси эди). Мақбара ёнида бир минг беш юз кишилик жамоани ўз ичига оладиган янги жомеъ масжид ҳам қуриб битказилди. Мустабид тузум даврида кўмиб ташланган ҳовуз ва қудуқ қайта очилди. Масжид ва мажмуа атрофида 8 таноб (4 гектар)ли кўркам хиёбон барпо қилинди.
Абдулхолиқ Ғиждувоний зиёратгоҳини ободонлаштириш давом эттирилмоқда.




