Эҳтиёжманд оилалар учун 1 миллион сўмдан моддий ёрдам

Эҳтиёжманд оилалар учун 1 миллион сўмдан моддий ёрдам

 

loiprlrdzolorpa.jpg

 

      Президентнинг 2025 йил 1 майдаги ПҚ–134-сон қарорига мувофиқ, ноябрь ойида ҳар бир эҳтиёжманд оилага 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилиши бошланди.

      Моддий ёрдам олиш учун аризалар 1 октябргача қабул қилинган бўлиб, улар “Маҳалла еттилиги” томонидан кўриб чиқилиб, маъқулланган.

      Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан 1 миллион 162 мингдан зиёд эҳтиёжманд оилалар рўйхати шакллантирилди. Унда қуйидаги тоифадаги оилалар қамраб олинган. “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ва “Камбағал оилалар реестри”даги 822 минг оила, реестрларда бўлмаган, аммо “маҳалла еттилиги” томонидан эҳтиёжманд деб топилган қўшимча 290 минг оила рўйхатга киритилган.

      Қўшимча рўйхатни тузишда устуворлик қуйидаги оила тоифаларига берилди:

  • боқувчисини йўқотган 34 минг оила, ногиронлиги бўлган 76 минг оила,

  • оғир касал аъзоси бор 24 минг оила, газ таъминоти йўқ кўп қаватли уйларда яшайдиган 2 минг оила ҳамда 26 минг кўп аъзоли оила. 

      Шунингдек, фақат пенсияга яшовчи 69,7 минг оила, миграцияда бўлган боқувчиси бор 35 минг оила, вақтинча ишсиз аъзоси мавжуд 15,2 минг оила ва 2,3 минг якка ёлғиз шахс ҳам моддий ёрдамга киритилди.

      Бундан ташқари, камбағалликдан чиққан, аммо қайта эҳтиёжманд бўлиб қолиш хавфи юқори бўлган 53 минг оила, шунингдек, оилавий болалар уйи очган ёки болаларни патронатга олган 360 та оила ҳам ёрдам билан таъминланди.

      Моддий ёрдамнинг асосий мақсади иситиш харажатларини қоплаш. Масалан, ўтган мавсумда кам таъминланган оила ўртача 254 кВт электр ва 514 куб метр газ истеъмол қилиб, 4 ой давомида 815 минг сўмгача харажат қилган. Шу боис, 1 миллион сўмлик ёрдам миқдори белгиланди.