Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди

Ёшларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча имкониятлар белгиланди

 

yavyaapyvapyprtyaprfvpfyvafyva.jpg

 

      Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги студиялар орқали 60 мингдан зиёд ёшлар вакиллари иштирок этди.

      Давлатимиз раҳбари йиғилганларни самимий қутлаб, юртимиздаги 22 миллиондан зиёд ёшларимиз жуда катта иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий куч эканини таъкидлади. Барча даражадаги раҳбарлар ёшларни тил ва касб-ҳунарга ўргатиш, спортга жалб этиш, ғоя, лойиҳа ҳамда стартапларига кўмак бериш, уларни ишли ва даромадли қилиш бўйича янада фаол ишлаши, бирорта йигит-қизни эътиборсиз қолдирмаслиги зарурлиги қайд этилди.

      Йиллар давомида яратилган имкониятлар натижасида ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медалини қўлга киритди. Гарвард, Йель, Принстон, Колумбия, Корнелл каби нуфузли олийгоҳларда таҳсил олаётган талаба ёшларимиз 500 нафардан, ТОП-100 таликдаги олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизларимиз 3,5 минг нафардан ошди. Ёшларимиз яратган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига кириб борган. Ёш спортчиларимиз халқаро ареналарда 720 та олтин, 671 та кумуш, 854 та бронза медалининг соҳиби бўлди. Бугун ёш тадбиркорлар юртимиздаги бизнес вакилларининг 35 фоизини ташкил этмоқда.

      Жорий йилдан “Келажак тадбиркори” дастури ишга туширилиб, ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш йўлга қўйилади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб бизнес бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилиши белгиланди.

     Шунингдек, тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмаслиги сабаб қийинчиликка учраётгани қайд этилди. Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш бўйича комплекс хизмат кўрсатадиган “Ёшлар бизнес инкубатори” ташкил этилади.

     Нuфузли хорижий олийгоҳлар илғор тажрибалар асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитишда ҳамкорлик қилишга тайёр экани қайд этилиб, камида 40 минг ёшни бизнесга ўргатадиган “Янги авлод тадбиркорлари” дастурини бошлаш белгиланди. Дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади.

     Ҳар йили “Ёш тадбиркорлар” танлови ўтказилиб, энг яхши 100 та лойиҳани брeндга айлантириш учун “Ёшлар венчурс” жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади.

     1 мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматларининг харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.