Эронда Ибн Синони ўрганишга жиддий эътибор

Эронда Ибн Синони ўрганишга жиддий эътибор

 

 arayraypryvr.jpg

 

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорликда “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ ходимлари, юртимиз ва хориждаги илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия ва Туркия олимлари иштирок этди.

Семинарда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий ходими Фахриддин Ибрагимовнинг “Эронда Ибн Сино меросини ўрганиш тенденциялари” мавзусидаги маърузаси тингланди.

Ўтган асрнинг 50-йилларидан ҳозирги давргача Эронда Ибн Сино ҳаёти ва илмий-адабий мероси бўйича жами 45 та докторлик диссертацияси ёқланган. Бундан ташқари у ерда мутафаккир меросини тадқиқ қилиш ва оммалаштиришда Ҳамадондаги “Ибн Сино” халқаро фонди ва Теҳрондаги “Фалсафа институти” асосий ўрин тутмоқда.

Анжуманда таъкидлашича, Ибн Сино меросини Эронда ўрганилишини ўтган асрнинг 50-йилларидан 80-йилларигача ва 80-йиллардан ҳозирги пайтгача бўлган икки даврга ажратиш мумкин. Биринчи даврда, асосан алломанинг ҳаёти, илмий фаолияти ва асарлари библиографияси ҳақидаги тадқиқотлар кўзга ташланса, иккинчисида Ибн Сино асарларини ўрганиш, уларнинг танқидий матнларини яратиш, ғарб тилларида олиб борилган тадқиқотларни форс тилига ўгириш каби йўналишларни кўриш мумкин.