Эркин ва фаровон ҳаётимиз гарови

 

Эркин ва фаровон ҳаётимиз гарови

 

eoleagolaeolapolae.jpg 

     Президентимизнинг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида бош Қомусимиз демократик Конституция эканлиги, унинг умуминсоний, умумбашарий қадриятлар ва халқаро андозаларни ўзида мужассам этганлиги алоҳида таъкидланган. 

     Янгиланган Конституциямиз энг ривожланган, тараққий топган давлатларнинг тарихий тажрибасига таянган ҳолда яратилган бўлиб, унинг лойиҳаси нуфузли халқаро ташкилотлар ва демократик давлатлар мутахассисларининг экспертизасидан ўтказилган. 

     Бош қомусимиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳалари ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатда мамлакатимизда истиқомат қилаётган миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган, юртдошларимизнинг онги ва қалбида Конституциямизга ҳурмат, Ватан тақдирига дахлдорлик, масъулият ҳисси тобора кучаймоқда.

     Янгиланган Конституциямизга миллий иқтисодиёт ва тадбиркорликни ривожлантириш, мамлакатда инвестициявий муҳитни яхшилаш ҳамда мулк ҳимоясини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилган бўлиб, бунда давлат қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминланиши мустаҳкамланган.