Энг енгилмас кучимиз — маънавият
Энг енгилмас кучимиз — маънавият

Янги Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, халқ манфаатларини таъминлаш ва маънавий тараққиётни мустаҳкамлаш давлатимиз мустақиллигининг энг бош кафолати бўлиб хизмат қилмоқда. Бу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир", деган чуқур маъноли, фалсафий концепцияси юртимиздаги барча янгиланишларнинг туб мазмун-моҳиятига айланди. Мазкур улуғвор ғоя мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳаётбахш кучини ифода этади. Зеро, иқтисодий ва технологик тараққиёт қанчалик муҳим бўлмасин, у маънавий баркамоллик, инсоний фазилатлар ва миллий қадриятларга таянмаса, жамиятда барқарор юксалишни ҳамда келажак авлод осойишталигини таъминлай олмайди.
Мустақилликнинг қутлуғ 35 йиллик байрами остонасида халқимизнинг асрий орзу-армонлари, бой маънавий мероси ва миллий қадриятлари асосида Янги Ўзбекистонни, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш йўлида эришилаётган тарихий ютуқлар ҳар бир юртдошимиз қалбида чексиз ифтихор ва юксак фуқаролик масъулиятини уйғотмоқда. Бугун олдимизда турган улуғвор вазифаларни бажариш ва глобал таҳдидларга қарши туришда маънавият энг енгилмас кучимиз бўлиб қолади. Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги тез ўзгараётган дунёда ким ютади? Маънавий жиҳатдан уйғоқ, ўз миллий манфаатини, миллий қадриятларини қатъий ҳимоя қила оладиган халқ ютади. Зеро, миллий қадриятлар барқарор, маънавий ҳаёт юксак бўлган жамиятда ҳамиша тинчлик, тараққиёт, миллатлараро тотувлик ва умумий фаровонлик бардавом бўлаверади. Бу йўлда фидокорона меҳнат қилиш эса ҳар бир зиёлининг, маънавият тарғиботчисининг муқаддас бурчидир.