Экологик барқарорликни таъминлашда парламентнинг ўрни
Экологик барқарорликни таъминлашда парламентнинг ўрни

Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан ўтказилган “Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашда парламентнинг роли” мавзусидаги илмий-амалий конференция ҳам истиқлолимизнинг 35 йиллик шодиёнасига бағишланди.
Конференцияда мамлакатимизда экологик соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, уларнинг самарали натижалари, шунингдек, соҳани янада ривожлантиришга қаратилган истиқболдаги вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.
Янги таҳрирдаги Конституциямизда экологик ҳуқуқлар мустаҳкамланиб, охирги ўн йилда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 30 дан ортиқ қонунлар, шунингдек, мамлакатимиз тарихида илк бор Сув кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг ҳуқуқий ва институционал асосларини янада мустаҳкамлади.