Ёдгорликлар – муқаддас меросимиз
Ёдгорликлар – муқаддас меросимиз

Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш халқаро куни муносабати билан “Мингтепа–маданий мерос” жамоат фонди, Марҳамат тумани ҳокимлиги, Андижон вилояти маданий мерос бошқармаси ҳамкорлигида Марҳамат туманида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар – муқаддас меросимиз” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Анжуман иштирокчилари ва меҳмонлари туман марказидаги “Хотира хиёбони”да ташкил этилган “Мингтепа” музейи фаолияти, музейдаги юртимизнинг минг йиллик тарихидан сўзловчи, қадим Давон давлати даврига оид ноёб экспонатлар билан танишди.
Тадбир доирасида “Буюк тарихимизни ўзида мужассам этган ёдгорликлар – муқаддас меросимиз” мавзусида танлов ўтказилди, тарихий буюмлар кўргазмаси ташкил этилди.
Кўргазмада талаба, олим ва ижодкорларнинг “Ҳудудлардаги ёдгорликлар, тарихий жойлар, зиёратгоҳ ва шифобахш булоқлар ҳақида мақола ёки ижодий иш”, “Довон давлати, Мингтепа (Эрши) ҳақидаги мақола ёки бадиий асар”, “Қадимий Мингтепа харобасини ўрганиш ва тарғиб этиш борасида олимларнинг илмий изланишлари тўғрисидаги мақола”, “Мингтепа заминида яшаб, ижод қилган улуғ ижодкорлар ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақидаги мақола” мавзуларида ижодий ишлар, шунингдек, ҳаваскор коллекционерлар (нумизматика, тарихий осори-атиқалар, кулолчилик ва уй-рўзғор буюмлари, тақинчоқлар, иш қуроллари, ёзма ва маданий ёдгорликлар акс этган фото ва мусаввирлик)нинг асарлари, вилоятдаги ёдгорлик ва тарихий жойларга сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар, видеороликлар намойиш этилди.
Танловда андижонлик олим ва ижодкорлар, шунингдек, Фарғона давлат университетининг ўқитувчи ва талабалари ўзларининг ижодий ишлар, бадиий ва тасвирий санъат асарлари, илмий мақолалари билан фаол қатнашди.