Дўппи сайли

Дўппи сайли

ykeroyeoryuoryukpfuaucfaucap.jpg

Андижон вилояти Марҳамат тумани Қорақўрғон маҳалласидаги Маданият марказида ўтказилган “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан...” деб номланган дўппи сайлида миллий либосларимиз, хусусан, дўппи билан боғлиқ миллий қадрият ва анъаналаримиз кенг тарғиб этилди.

 

Туман ҳокимлиги, Қорақўрғон маданият маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман маҳаллалари вакиллари, чевар ва дўппидўзлар, шунингдек, ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

 

Миллий қадрият ва анъаналаримизни мазмунан бойитиш, уларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига чуқур сингдириш, миллий либосларимиз, хусусан, дўппини тарғиб этиш, уларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш ҳамда дўппидўзларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган сайл доирасидаги тадбирлар миллий анъаналаримизнинг ҳақиқий намойишига айланди.

 

– Инсоннинг либоси унинг ички дунёсини, одоб-ахлоқини кўрсатади, – дейди Қорақўрғон Маданият маркази директори Замирахон Жумабоева. – Миллий либосларимиз эса миллий қадриятларимизни англашга хизмат қилади. Афсуски, кейинги йилларда юртимизга кириб келаётган "оммавий маданият" кўринишлари таъсирида, айниқса, ёшларимиз орасида миллий либосларимизга, хусусан, дўппига бўлган муносабат бироз пасайгандай бўлди.

ykeorfyuofukpucafcuavfuapfcpu.jpg

Лекин, халқимиз ўзининг ўлмас анъана ва қадриятларини асло унутмайди. Шу маънода, миллий бош кийимимизни эъзозлаб, фарзандларимиз онгига либослар билан боғлиқ миллий анъаналаримизни сингдириб борсак, миллий қадриятларимизни тобора чуқур илдиз отишига ҳисса қўшган бўламиз.

 

Сайлда чевар, дизайнер ва дўппидўзлар томонидан тайёрланган миллий либослар, дўппилар, ёш мусаввирларнинг ижод намуналари кўргазмалари намойиш этилди. Кекса момоларимиз, дўппидўз ҳунармандлар иштирокидаги суҳбатлар ёшларнинг дўппи ҳақидаги билим ва тушунчаларини янада бойитди.