Доғистон делегацияси билан учрашув
Доғистон делегацияси билан учрашув
23 октябрда куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Мақсудов Доғистон Республикаси ҳукумати раиси Абдулмуслим Абдулмуслимов бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Меҳмонларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек юртимизда фаолият юритаётган турли диний конфессиялар ўртасидаги дўстона алоқалар, ҳамжиҳатлик таъминлангани, сўнгги йилларда масжид-мадрасалар сони кўпайиб, улар ибодат ва маърифат масканига айланиб бораётгани, 13 та диний таълим муассасасида салоҳиятли диний соҳа кадрлари тайёрланаётгани ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Доғистон Республикаси ҳукумати раиси Абдулмуслим Абдулмуслимов ўзаро мулоқотда самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, баробарида Доғистонда эътиқод қилувчиларга яратилган шарт-шароитлар, Ўзбекистон алоҳида эҳтиромга лойиқ юрт экани, бу диёрдан Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган забардаст уламолар етишиб чиққани таъкидланди, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий алоҳида ёдга оинлди.
Меҳмонлар айни кунларда Доғистонда хизмат қилаётган дин пешворларининг аксарияти Бухоро ва Тошкент шаҳарларидаги ўқув даргоҳларида таълим олганини эътироф этдилар.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Доғистон муносабатлари сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилгани, жумладан, зиёрат туризми йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланиб бораётгани, икки йил аввал Ўзбекистон делегацияси Доғистонда “Имомлар юртига саёҳат” мавзуида зиёрат туризми кўргазмасини тақдим этгани, ушбу тадбир икки халқ ўртасидаги ишончли мулоқот, диний-маърифий жабҳадаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига ҳам туртки бўлганини таъкидланди.
muslim.uz




