Дипломлар ўзаро тан олиши мумкин
Дипломлар ўзаро тан олиши мумкин

Қозоғистон ҳукумати “Қозоғистон Республикаси ҳукумати, Қирғизистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Тожикистон Республикаси ҳукумати, Туркманистон ҳукумати ва Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ўртасида олий таълим ҳужжатларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим”ни тасдиқловчи қарорни имзолади.
Қайд этилишича, қарорда келишувга аъзо барча томонлар Марказий Осиёнинг беш республикасидан исталган бирида аккредитациядан ўтган ва қонуний фаолият юритаётган олий таълим муассасалари томонидан берилган дипломларни тан олиши белгиланган.
Мазкур дипломларни тан олиш бошқа Марказий Осиё давлатида ишга кириш учун ариза топширишда, шунингдек, амалиёт ўташ ёки узлуксиз таълимни давом эттириш жараёнида қўлланилади.
Шунингдек, ҳужжатда мутахассислик малакалари олий таълим тизимининг умумий талабларига мос келиши лозимлиги қайд этилган. Агар талаблар орасида жиддий фарқлар аниқланса, бошқа давлатнинг дипломи тан олинмаслиги мумкин.
Қарорда қўшимча шартлар ҳам кўрсатилган. Унга кўра, Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон минтақадаги исталган олий таълим муассасасининг дипломини тан олишга рози бўлган. Қозоғистон эса фақат жаҳоннинг энг яхши 1000 таликка кирган университетлар дипломи тан олиниши шартини қўйган.