Диний ташкилотларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби

Диний ташкилотларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби

yekrvkeovoyreyryukpup.jpg

Ҳозирда мамлакатимизда 16 та диний конфессияга мансуб 2300 дан зиёд диний ташкилотлар адлия органларида рўйхатдан ўтиб, фаолият юритиб келмоқда.

Аммо айрим фуқаролар қонунчилик талабларини яхши билмай, тегишли ҳужжатларни тақдим қилмасдан, шахсан ўзи ёки турли юқори турувчи идоралар орқали диний ташкилотларни очишда амалий ёрдам сўраш ҳолатлари ҳам учраяпти.

 

Жорий йилнинг 5 июль куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунида, ҳар бир инсоннинг виждон эркинлигини таъминлаш учун қулай шароит яратиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига аниқликлар киритилишига алоҳида эътибор қаратилган.

 

Унда марказий бошқарув органларини ва диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш, Адлия вазирлиги томонидан, маҳаллий диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш эса, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

 

Қонунга мувофиқ, диний ташкилот унинг ташаббускорлари (таъсисчилари) қарорига кўра ташкил этилади. Диний ташкилотнинг ташаббускорлари (таъсисчилари) таъсис йиғилишини (конференциясини) чақиради, унда устав қабул қилинади ва раҳбар органлар тузилади.

 

Диний ташкилот рўйхатдан ўтказилган пайтдан эътиборан ташкил этилган деб ҳисобланади. Қонун билан диний ташкилотларни тузиш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ тартиб соддалаштирилиб, бир қатор енгилликлар белгилаб берилган.

 

Хусусан, маҳаллий диний ташкилотлар, жумладан, масжидлар ва бошқа конфессияларнинг ибодатхоналарини ташкил этиш бўйича ташаббускор фуқаролар сони икки баробар камайтирилиб, 50 нафардан кам бўлмаган этиб белгиланди. Шунингдек, диний ташкилотнинг марказий бошқарув органи ва диний таълим муассасаларини тузиш учун ҳам 100 нафар ташаббускор бўлиши ҳақидаги талаб бекор қилинди.

 

Ташаббускор фуқароларга берилган қулайликлардан бири, қонунда диний ташкилотни ташкил этиш бўйича таъсис йиғилиши (конференцияси) ўтказилган кундан эътиборан олти ой ичида уни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон мурожаат рўйхатдан ўтказувчи органга юборилиши белгиланган.

 

Аксарият ноисломий диний ташкилот тузиш ташаббускорларини қизиқтириб келаётган масала – диний ташкилотни тузиш учун талаб этиб келинган маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш тартиби қонун билан бекор қилинди.

 

Шу билан бирга, ташаббускорлар томонидан тақдим қилинувчи ҳужжатларни нотариал ва бошқа кўринишларда тасдиқлашга оид талаблар ҳам бекор қилинган. Бу билан фуқароларга кўпроқ қулайлик яратилади. Шунингдек, харажатларнинг қисқаришига сабаб бўлиб, нотариал идораларда ҳужжатлардаги имзоларни шаҳодатлаш учун ортиқча навбат кутиш ҳолатлари олди олинади.

 

Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилиши жорий этилди. Электрон тизимнинг жорий қилиниши диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш соҳасида давлат хизматлари етказилиши ва сифати яхшиланиши, коррупциявий омилларга йўл қўймасликка олиб келади.

 

Қонунга кўра, рўйхатдан ўтказувчи адлия идораларига тақдим этиладиган ҳужжатлар сони кескин қисқарди, уларни кўриб чиқишнинг муддати эса 3 баробарга камайди, яъни 3 ойдан 1 ойга туширилди. Бу билан диний ташкилот тузиш ташаббускорларига қулай, тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имконияти яратилди, ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилди. Диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш асослари қонун билан белгиланган. Унда кўрсатилмаган асосларга кўра рад этишга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамланган.

 

Қолаверса, диний ташкилотни қайта рўйхатдан ўтказиш тартибига ҳам ойдинлик киритилиб, тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати белгилаб берилди. Бу каби аризаларни кўриб чиқиш муддати 15 кун қилиб белгиланди. Қонунга кўра, рўйхатдан ўтказилган диний ташкилот адлия органлари томонидан электрон тизимда юритиладиган ва ҳамма танишиб чиқиши учун очиқ бўлган диний ташкилотлар реестрига киритилади. Бу эса ахборотдан очиқ фойдаланиш имкониятини яратиб, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш соҳасида шаффофликни таъминлайди.

ЎзА