Диний бағрикенгликни таъминлаш – барқарорлик омили
Диний бағрикенгликни таъминлаш – барқарорлик омили

Дарҳақиқат, диний бағрикенглик амалда бўлган жамиятларда иқтисодий-ижтимоий барқарорлик ҳам юксак даражада бўлади. Динлараро муносабатлар, давлат ва дин муносабатлари тўғри йўлга қўйилмаган жамиятларда эса ички зиддиятлар авж олади. Бунга XX асрнинг ўрталарида Ҳиндистонда авж олган диний қарама-қаршиликлар натижасида мамлакатнинг бир неча қисмларга бўлиниб кетганлигини мисол сифатида келтириш мумкин.
Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб, турли диний оқимларга мансуб инсонлар ўртасидаги муносабатларни тўғри йўлга қўйиш масаласига асосий масала сифатида қаралиб келинмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизда 16 та диний конфессия фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ушбу диний конфессия аъзоларининг диний урф-одатлари, маросимларини тўлақонли даражада адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Бу бош қонунимиз – Конституциямизда ҳам алоҳида белгилаб қўйилган бўлиб, диний мансублигидан қатъий назар қонун олдида барчанинг тенглиги, барча дин вакилларининг ҳуқуқий жиҳатдан баробар эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
2017 йил 7 февральда Президентимиз томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги 4947 сонли фармоннинг V устувор йўналиши айнан юртимизда яшаб келаётган турли динга мансуб инсонлар ўртасидаги ўзаро баҳамжиҳатлик муносабатларини, дўстона алоқаларни ривожлантиришни асосий мақсад қилиб олган. Айниқса яқинда қабул қилинган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг янги босқичга кўтарилиб бораётганидан далолатдир. Буни юртимиздаги турли диний конфессия вакилларининг қабул қилинган мазкур қонунга берган юксак таърифларидан ҳам билиш мумкин.
Ушбу қонунинг яна бир аҳамияти шундан иборатки, унда дин ва давлат муносабатлари, диний таълим, диний ташкилотлар ташкил этиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби изчил тарзда белгилаб берилган. Айтиш жоизки, ушбу қонун Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа эътироф этилган умуминсоний қадриятларга мос тарзда ишлаб чиқилган бўлиб, мамлакатимиздаги диний барқарорликни таъминлашда катта аҳамият касб этади.
Сарвар Саидов,
Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими




