Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тараққиётга етаклайди
Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик тараққиётга етаклайди

Кўп миллатли юртимизда ўзаро дўстлик муҳитини яратиш, диний конфессия вакиллари ўртасида бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда мамлакатимизда 130 дан зиёд миллат ва элат, 16 та диний конфессия, 153 та миллий-маданий марказ, 38 та “Дўстлик” жамияти вакиллари тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатликда аҳил-иноқ яшаб келмоқда.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида “Диний бағрикенглик, диндорларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг сиёсий ва ҳуқуқий жиҳатлари: миллий тажриба” мавзусида минтақавий видеоконференция ташкил этилди.
Онлайн форматда ўтказилган учрашувни Ўзбекистон халқаро ислом академияси Диний-маърифий фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича биринчи проректори Шуҳрат Ёвқочев олиб борди. Конференцияда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни янги таҳрирда”, “Маърифат ва диний бағрикенглик – янгиланган Ўзбекистоннинг маънавий кучи”, “Исломдаги диний бағрикенглик асослари”, “Бағрикенглик дин эркинлигини мустаҳкамлашнинг асосий принципи сифатида”, “Ўзбекистонда диний ташкилотлар фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” ҳамда “Марказий Осиё давлатларидаги диний ва миллатлараро муносабатлар” каби мавзулар муҳокама этилди.

– Ўзбекистонда турли конфессиялар, динлар, миллатлараро тотувлик, иноқлик муҳити, маданияти шаклланган, – дейди Яҳудий диний жамоалари Тошкент жамоатчилиги раиси Аркадий Исахаров. – Бунинг негизида асрдан асрга ўтиб келаётган қадриятлар, анъаналар мужассам. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон турли миллат ва дин вакиллари учун маданият маркази бўлди. Халқнинг бағрикенглик, меҳмондўстлик каби фазилатлари туфайли бу жараён янада осон кечди.
Анжуманда турли дин вакиллари ҳуқуқ-эркинликларининг сиёсий ва ҳуқуқий кафолатларини таъминлаш бўйича Марказий Осиё мамлакатларининг тажрибаси, динлараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлаш бўйича кўрилган чоралар, Марказий Осиё давлатларининг ушбу соҳалардаги ижобий тажрибасини халқаро ҳамжамиятга етказиш каби масалалар хусусида сўз борди.
– Таъкидлаш лозимки, охирги йилларда диний-маърифий соҳада Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзига хос ёндашувлари асосида ижтимоий-маънавий муҳит тубдан ўзгарди, – дейди Ўзбекистондаги Рим-католик черкови раҳбари, епископ Ежи Мацулевич. – Энг аввало, диний ташкилотлар жамият тараққиёти ва юрт тинчлигида ўзига хос муҳим ўрин тутадиган мавқега эга бўлди. Бунда инсоннинг бошқа дин, ўзга маданият, алоҳида инсонни ҳурмат қилиш, ўз биродаридек қабул қилиш кўникмаси шаклланди. Бу БМТнинг Инсон ҳуқуқлари ва диний эркинликлар бўйича махсус вакили томонидан ҳам таъкидланмоқда. Мазкур ташкилот аъзоларининг юртимизда ташрифи давомида биз билан ҳам алоҳида учрашиб, фикр-мулоҳазаларимиз билан қизиққани эътиборга сазовордир. Ҳозирда Ўзбекистонда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилиниши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу қонун муҳокамасида турли диний конфессиялар вакилларининг иштироки таъминланиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам қонун лойиҳасига татбиқ этилаётгани эътиборга моликдир. Албатта, мазкур ишлар мамлакатда тинчлик ва тараққиётни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбир якунида муҳокама этилган мавзулар бўйича якуний хулосалар чиқарилиб, мазкур фикр-мулоҳазалар соҳа ривожини юксалтириш йўлида хизмат қилиши таъкидланди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати




