Давлатчилик устунлар

Давлатчилик устунлар

vpmacvmacavmcm.jpg

       Ислом цивилизацияси марказининг “Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида ўзига хос бадиий-фалсафий композиция — “Давлатчилик устунлари” жойлашган. Ушбу концептуал ансамбль Ўзбекистон ҳудудида давлат ғояси, бошқарув маданияти ва сиёсий тафаккурнинг тарихий шаклланишини рамзий тарзда акс эттиради. Ҳар бир устун маълум бир даврни ифодалайди: қадимий цивилизациялардан тортиб, замонавий мустақил Ўзбекистонгача бўлган давлатчилик эволюцияси изчил ва босқичма-босқич кўрсатиб берилади.

       Биринчи устун — Ўзбекистон ҳудудидаги энг қадимий маънавий қатламларни, зардуштийлик даврини ва «Авесто» таълимотини ифодалайди. Тошда ўйилган нақшлар, Будда ҳайкали тасвири ва ёритилган витрина ичида жойлашган «Авесто» нусхаси орқали бу давр гавдаланади.

       Иккинчи устун — туркий халқлар давлатчилиги шаклланган босқични ёритади. У Суғд, Бақтрия, Хоразм, Чоч ва Фарғона каби қадимий цивилизацияларни ўзида мужассам этади. Пастки қисмида жойлашган витринада Тўнюқуқ битиктоши нусхаси ўрнатилган бўлиб, у ёзув маданияти ва сиёсий тафаккурнинг юксалишини билдиради.

       Учинчи устун — давлат бошқаруви, илм ва маданият уйғунлиги босқичини акс эттиради. Бу давр Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар каби давлатларнинг шаклланиши, сиёсий тафаккур ва адолат ғояларининг юксалган давридир.

       Тўртинчи устун — Амир Темур давлати ва ўрта аср даврларини ёритади. У Хоразмшоҳлар, Қорахонийлар, Темурийлар, Шайбонийлар ва Бобурийлар даврларидаги бошқарув, дипломатия ҳамда маданиятнинг юксак намуналарини ифодалайди.

       Бешинчи устун — замонавий Ўзбекистон давлатчилигини ифодалайди. Унинг архитектурасида Тошкентдаги собиқ «Панорама» (1964) ва “Congress Hall” (2019) биноларидан илҳом олинган. Шаффоф металл панжаралар ва олтин-оқ панеллар — очиқлик, янгиланиш ва демократик қадриятлар рамзидир.