Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига 3. Тошкент – фронт орқасидаги қаҳрамон шаҳар

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

 

 

 

fcvappppv.jpg

3. Тошкент – фронт орқасидаги 

қаҳрамон шаҳар

 

         1941 йил октябрь ойининг ўрталарига келиб немис қўшинлари Москва остоналарига яқинлашиб қолган эди. Иттифоқ пойтахтида танг аҳвол ҳукм сура бошлаганди. Метро ёпилаётганди, жамоат транспортида тирбандлик одат тусига кирган, магазинларда озиқ-овқат маҳсулотлари  пештахталарга қўйилмасданоқ қўлма-қўл бўлиб кетарди.

Иттифоқ ҳукумати олдида халқ хўжалигини ҳарбий изга солиб юбориш билан бирга мамлакатнинг илмий ва маданий салоҳиятини сақлаб қолиш вазифаси ҳам турарди. Уруш бошланиши арафасида Иттифоқда 1820 та илмий муассаса бўлиб, уларда 360 мин нафардан кўпроқ илмий ходимлар ишларди.  Мамлакат Фанлар академияси биринчи навбатда фронт яқинидаги муҳим мудофаа аҳамиятига эга бўлган муассасалар – физика-математика, кимё, техника институтлари ва лабораторияларини эвакуация қилиш чораларини кўрган.

1941 йилнинг кузида Тошкентга Иттифоқ Фанлар академиясининг 22 та илмий-тадқиқот институти, 16 та олий таълим муассасси, 2 та кутубхона эвакуация қилинган. Уруш йилларида Тошкент том маънода Ўрта Осиёнинг илмий марказига айланган. Республикага эвакуация қилинган  Иттифоқ  Фанлар академиясининг  тупроқшунослик, иқтисодиёт, жаҳон хўжалиги ва жаҳон сиёсати, сейсмология,тарих, ҳуқуқ, шарқшунослик, жаҳон адабиёти, моддий маданият ва бошқа институтларининг   таниқли 375 аъзоси ва мутахассислари ўзбек олимлари билан ҳамкорликда тадқиқот ишларини олиб боришган.

Ўзбек олимлари эвакуация қилинган Иттифоқ илмий муассасаларидаги ҳамкасблари билан биргаликда  илмий-тадқиқот изланишларини, биринчи навбатда,  фронт учун ниҳоятда муҳим ҳисобланган янги рангли ва қора металлар, нефть ва газ конларини очиш, энегетика манбаларини кўпайтириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экинзорларни кенгайтириш,  деҳқончилик ва чорвачилик самарадорлигини оширишга йўналтирилишган.

yuaucacpcppp.jpg

Тошкентга эвакуация қилинган фан ва санъат намояндалари

 

          Ўша йилларда Ўзбекистон илмий муҳандис-техник жамиятининг ташкил этилиши катта аҳамият касб этган. Ушбу жамият 16 академик, 20 нафардан кўпроқ фандоктори, 80 нафар профессорни ҳамда 2 минг нафарга яқин муҳандислар, агрономлар, техникларни бирлаштирган. Биргина 1943 йилнинг ўзида ушбу жамият аъзолари корхоналар ва жамоа хўжаликлари учун 1600 тадан кўпроқ илмий маслаҳатлар тайёрлаган. Уларнинг амалиётга жорий этилиши фронт учун қурол-аслаҳаларнинг янги турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, умуман саноат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш ва уларнинг  сифатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида экинлар ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилган.

Тошкент математика мактабининг асосчилари ҳисобланган В.И. Романовский ва  Т.А.Саримсоқов, уларнинг ҳамкасблари М.Камолов, Н.Назаров ва бошқалар эвакуация қилинган олимлар билан ҳамкорликда  эҳтимоллар назарияси ва  статистика математикаси соҳасида янги ихтиролар яратишган. Уларнинг илмий изланишлари ҳарбий техника, авиацияни такомиллаштириш, ўқ-дори сифатиини яхшилашда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этган.

Геолог олим Н.М.Абдуллаев бошчилигидаги илмий ходимлар олиб борилган тадқиқотлар натижасида қалайи, вольфрам, молибден, ўтга чидамли элементлар, нодир металлар ва бошқа турдаги хом ашё конлари топилган ва ўзлаштирилган. А.С.Уклонский раҳбарлик қилган  геолог олимлар гуруҳининг темир конини топиши, Ўзбекимстон металлургия комбинати қурилишини лойиҳалаштириш ва фойдаланишга туширишдаги хизматлари катта  бўлган. Д.М.Богданов ва муҳандис Г.К.Чикризовлар Ангренда қидирув ишларига бошчилик қилганлар ва кўмир конининг бой заҳираларини топиб, янги шахталарни ишга туширишга муҳим ҳисса қўшганлар.

Уруш йилларида энегетика соҳасида илмий тадқиқотларни кучайтириш ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлган. Ўзбек олимлари ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудлардан эвакуация қилинган ҳамкасблари билан гидротехника иншоатларида ҳамда саноат корхоналарида энергия йўқотилишини камайтириш бўйича самарали изланишларни амалга оширишган.

Ўрта Осиё (ҳозирги Ўзбекистон миллий) давлат университетининг кимё факультетида дори-дармонлар ишлаб чиқариш йўлган қўйилган. Унинг негизида Тошкент фармацевтика заводи  ташкил этилган.

Бутуниттифоқ пахтачилик илмий-тадиқиқот институтининг олимлари  пахтанинг янги навларини яратиш соҳасида самарали изланишлар олиб борган. Селекционерлар С.С.Канаш ва А.И.Автономов бошчилигидаги илмий ходимлар вилт касаллигини юқтирмайдиган янги нав яратган. Л.В.Румшевич яратган Ф-108 юқори ҳосилли, шунингдек, бошқа узун толали навлар пахтачиликнинг ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган. 1944 йилда Ўзбекистонда экилиб келинган Америка пахта навлари тўла  янги навлар билан алмаштирилган.

Республика олимлари Самарқандда жойлаштирилган Тимирязев номидаги қишлоқ хўжалик академияси ходимлари билан ҳамкорликда ғўза, буғдой ва қанд лавлагини алмашлаб экиш усулини жорий этганлар. Улар Ўзбекистон шароитида қанд лавлагидан мўл ҳосил олиш бўйича самарали тадқиқотлар ҳам олиб борганлар.

1943 йилда мавжуд Республика Фан қўмитаси негизида  Ўзбекистон Фанлар академиясини ташкил этиш тўғриссида қарор қабул қилинган. Унинг таркибига 210 нафар илмий ходим, шу жумладан таркибида 100 нафарга яқин фан доктори ва номзоди  бўлган 10 та илмий-тадқиқот институти киритилган. Ўзбекистон Фанлар академиясининг  президенти этиб физика-математика фанлари доктори, профессор Т.Н.Қори-Ниёзий сайланган. Фанлар академиясининг таркибига республиканинг атоқли олимлари - физика-математика фанлари докторлари Т.А.Саримсоқов ва  В.И. Романовский. Қишлоқ хўжалик фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Р.Р. Шредер, геология-минералогия фанлари доктори А.С. Уклонский, адиблар Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон ва бошқалар киритилган. Ёзувчи Садриддин Айний, халқ усталари Уста Ширин Муродов ва Юсуфали Мусаев Ўзбекистон Фанлар академиясининг фаҳрий аъзолари этиб сайланган.

Уруш йилларида халқ таълими, айниқса олий ўқув юртлари оғир синовлардан ўтган. Уларнинг кўпчилик профессор-ўқитувчилири, ҳарбий чақирув ёшидаги талабалар фронтга сафарбар этилган. Ўзбекистон  Москва, Ленинград, Киев, Харьков, Воронеж, Одесса ва бошқа шаҳарлардан 1941–1943-йилларда кўчириб келтирилган олий ўқув юртлари билан 7 та ҳарбий академияни ҳам қабул қилиб олган. Уларнинг ихтисосликлар йўналишлари яқин бўлган баъзилари, шунингдек факультетлари, кафедралари ўзаро ёки республика олий ўқув юртлари билан бирлаштирилган. Жумладан, Самарқанд кооператив институти билан Тошкент молия-иқтисодиёт институти, Тошкент ва Самарқанд тиббиёт институтлари, Ўзбекистон ва Ўрта Осиё давлат университетлари бирлаштирилган. Уларнинг бўшаган биноларига ҳарбий муассасалар, госпиталлар жойлаштирилган.

Эвакуация қилинган москвалик, ленинградлик, Иттифоқ бошқа шаҳарлари олий таълим муассасаларининг  профессор-ўқитувчилари ўзбек талабаларига янги курслар бўйича дарс ўтишган, маҳаллий миллат вакилларидан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга кўмаклашган. Улар халқ хўжалиги ва ҳарбий аҳамиятга молик мавзуларда тадқиқот ишларини ҳам йўлга қўйган. Олий таълим муассасаларида, шунингдек  янги мутахасисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш  амалга оширилган.

1945 йилда республикадаги олий ўқув юртларининг сони 1940 йилга нисбатан учтага кўпайиб, 33 тани ташкил этган. Улардаги талабалар сони эса 19,1 мингдан 21,2 минг кишига ортган. Уруш йилларида 10 минг нафардан кўпроқ олий малакали ва 3,7 минг нафарга яқин ўрта махсус маълумотли мутахассис тайёрланган.

Ўзбекистонда уруш йилларида Иттифоқнинг  ҳарбий ҳаракатлар давом этаётган ҳудудларидаги олимлар билан бир қаторда  маданият, санъат ва адабиёт арбоблари учун ҳам бошпана тақдим этилибгина қолмадан, уларнинг ўз ижодларини давом эттиришлари  учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Юртимизг улар учун нажот қўрғонига айланган.

Эвакуация қилиниб, жонларини сақлаб қолган фан, маданият, санъат ва адабиёт арбобларига катта эътибор билан қаралган. Уларга махсус паёк (маълум миқдордаги озиқ-овқат) берилган, эвакуация қилинганлар ошхоналарга ҳам бириктириб қўйилган.

Уруш йиллари бўлишига қарамадан Тошкентда таниқли рассомлар ва ҳайкалтарошлар И.Э.Грабарь, Д.С.Моор, С.В.Герасимов, В.А.Фаворский  ва бошқалар томонидан 25 та бадиий кўргазма, шу жумладан “Ватаннинг қаҳрамонона ҳимояси”, “Улуғ Ватан урушининг икки йили”, “ Ўзбекистон Улуғ Ватан урушида” ва бошқалар ташкил этилган.

Композиторлар М.Штейнберг, О.Чишко, Б.Арапов, В.Волошинов, Ю.Тюлин ва бошқалар томонидан яратилган мусиқа асарлари ўзбек мусиқа санъатини ривожлантиришга хизмат қилган. А.Козловскмй “Улуғбек” операсини, композитор Т.Содиқов билан эса “Даврон ота” мусиқа драмасини яратган. Уларнинг  ўзбек санъатига қўшган катта ҳиссалапри учун М.Штейнбергга Ўзбекистон халқ артисти, Ю.Тюлин, Х.Кушнарёв, О.Чишко, Б.Арапов, И.Мусин, М.Семёновга республикада хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонлари берилган..

Қонли уруш давом этаётганига қарамасдан  Тошкентда маданий ҳаёт жўшқинлигини йўқотмаган.Ўзбекистонда уруш йилларида 37 та маҳаллий ва 15 та эвакуация қилинган театр фаолият олиб борган. Бу 15 театрнинг 12 таси Украина театрлари бўлган. Бу ерда Ленинград консерваторияси, Москванинг “Ленком”,яҳудийлар театрлариўз спектаклларини намойиш қилар, таниқли пианиночи Павел Серебряковнинг концертлари ўтказиларди.

Кўчириб келинган санъат арбобларининг ташаббуси билан  1942 йилнинг март ойида Ўзбекистон театрлари ижодий ходимлари учун малака ошириш курслари ҳам ташкил этилган. Бу курсларга театр артистлари, режиссерлари, композиторлари, рассомлари, дирижерлари жалб этилган.Уруш йилларида Ўзбекистондаги театрлар сони 34 тадан 46 тага етган. Улар ўзбек, рус,қорақалпоқ,  қозоқ, уйғур,  корейс ва яҳудий тилларда спектакллар намойиш қилишган.

Уруш йилларида Ўзбекистонга  Михаил Ромм, Григорий Козинцев, Леонид Трауберг, Александр Зархи каби атоқли кино режиссёрлари ҳам эвакуация қилинган. Улар Тошкент киностудиясида ўзбек режиссёрлари И. Ағзамов, Н. Ғаниев, К.Ёрматов, С.Муҳамедов ва бошқалар билан биргаликда 10 та бадиий фильм, шу жумладан ўша йиллари жуда машҳур бўлиб кетган “Икки жангчи”, “Тоҳир ва Зуҳра” ва “Насриддин Бухорода”, «Александр Пархоменко»  кинофильмларини суратга олишган. Кинофильмларда Фаина Раневская, Аркадий Райкин, Лев Свердлин, Леонид Броневой ва бошқа таниқли артистлар роль ўйнаган.

1941 йилнинг ноябрь ойида қамалда қолган Ленинграддан Ўзбекистонга машҳур адиблар Алексей Толстой, Всеволод Иванов, Корней Чуковский, Борис Лавренев, Илья Эренбург, Борис Горбатов эвакуация қилинган. Кейинчалик республикага  академик Виктор Жирмунский, шунингдек Якуб Колас, Мариэтта Шагинян, Василий Ян, Всеволод Иванов, Борис Горбатов, Николай Погодин, Ефим Дорош,Владимир Луговской, Илья Сельвинский, Иосиф Уткин, моҳир кино санъаткорлари Михаил Ромм, Иосиф Хейфиц, Александр Зархи, Григорий Козинцев, Леонид Трауберг ва яна кўплаб бошқа ижодкорлар ҳам кўчирилган.

Тошкентни умумиттифоқ адабиёт маркази деб ҳам атай бошлашан. Бу бежиз эмасди. 1942 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюмасидаги 195 адибнинг 135 нафари эвакуация қилинган ёзувчилар бўлган.

Тўрт карра Давлат мукофоти лауреати, россиялик ёзувчи ва драматург Николай Вирта уруш йилларида марказий “Правда” газетасида эълон қилинган мақоласида Ўзбекистон “фақат жанг майдонларида душманни даҳшатга солувчи жангчи, фақат қурол-аслаҳа ишлаб чиқарувчи заводларда  стахановчи, фақат озиқ-овқат, пахта, отлар, дармондорилар ва яна кўплаб нарсаларни етказиб бераётган бўлибгина қолмасдан, шунингдек фашистлар томонидан ватанидан, уй-жойиидан, ота-оналаридан жудо қилинган жуда кўпларнинг меҳрибон онаси ҳамдир”  деб эътироф этган  эди.

 auacuacpcpccc.jpg

Алексей Толстой Тамара хонимга дастхат ёзиб, китобини совға қилмоқда

Урушнинг 800 кунини Тошкентда ўтказган машҳур рус шоираси Анна Ахматова ҳам ўзини бағрига олган Ўзбекистон, “сокин гўшаси, энг кўхна уйи” деб атаган Тошкент,  унинг олижаноб инсонларига чуқур миннатдорчилигини изҳор этган:

 

  • Миннатдор туйғулар оқади тўлиб,
  • Раҳмат ва хайр! — сизга, азизлар.
  • Дуррачамни силкийман кулиб,
  • Раҳмат, Ойбек, раҳмат, Чустий! — сизга азизлар.
  • Раҳмат, Тошкент! — кечир, мени кечиргил,
  • Сокингина гўшам, энг кўҳна уйим.
  • Юлдузларга раҳмат, гулларга раҳмат,
  • Ёш ва дилбар қора сочли оналар,
  • Ширин кулчалар тутган болалар,
  • Шу жажжи қўлчалар, қўлларга раҳмат!
  • Саккиз юз куним — мўъжизавий сас,
  • Шу мовийранг чексиз осмон остида,
  • Шу ложувард тубсиз уммон остида
  • Биз бирга яшадик ёрқин, ўт нафас,
  • Эй, оташин боғ...

 

Тошкентга уруш йилларида эвакуация қилинган Белоруссиянинг халқ шоири, академик Якуб Колас эса  кўзида ёш билан Ўзбекистон “жигари”  эканлигини изҳор этади:

  • Бир қилични бирга тоблаб,
  • Бирга бўлдик элга дармон.
  • Меҳринг бердинг нурга қоплаб,
  • Эй, жигарим, Ўзбекистон!
  •  
  • Яна нафас урди баҳор
  • Бизнинг она тупроққа ҳам.
  • Шу куй билан кўзимда нам:
  • Яхши қол, эй нурли диёр!

vkpukpupyfff.jpg

Тошкентда Якуб Коласга ўрнгатилган бюст

 

         2019 йил 27 сентябрда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ташаббуси билан Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих институти, Ўзбекистон тарихчилар жамияти иштирокида “Эшелонлар Шарққа йўл олган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эвакуация” мавзусида халқаро илмий конференция ўтказилган. Анжуманда, шунингдек Москва, Санкт-Петербург ва Оренбург шаҳарларидаги  олий таълим муассасаларининг тарихчи олимлари иштирок этган. Улар ўзбек халқининг кўчириб келтирилган фуқаролар ва болалар ҳаётини сақлаб қолишдаги буюк хизматларини абадийлаштириш учун жаҳонда Иккинчи жаҳон урушидаги эвакуация билан боғлиқ Санкт-Петербургда, Исроил, АҚШ, Польша, Венгрия ва бошқа мамлакатларда ташкил қилинганмузейлар тажрибаси асосида  Ўзбекистонда ҳам шундай музей ташкил этилиши мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги фикр-мулоҳазаларини билдиришган.  Бу таклиф Иккинчи жаҳон уруши йилларида Ўзбекистонга эвакуация қилинганлар ва уларнинг фарзандлари, шунингдек  мамлакатимиз жамоатчилиги вакиллари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Михаил Гусман эса Тошкентда 2019 йилда бўлиб ўтган Москва давлат халқаро муносабатлар институти битирувчиларининг анъанавий анжуманида Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушида фронт орқасидаги жасоратини абадийлаштириш юзасидан қуйидаги фикрини  билдирди:

- Мен ҳамиша бир ғояни   ўйлаб юрибман. Ҳозир бизда буюк Ғалабага улкан ҳисса қўшган буюк қаҳрамон-шаҳарлар бор. Аммо, эҳтимол, камида икки шаҳарни “Фронт орқаси қаҳрамон-шаҳарллари” деб атаса бўларди. Улар - буюк жасорати учун Тошкент, шунингдек  фронтни нефть билан таъминлаган Бакудир. Бу ғоя қандай амалга ошишини билмайман, аммо фикримча, бу икки шаҳар ана шу унвонга жуда муносиб.

awdfwefe4.jpg

Михаил Гусман

 

Аввалроқ ушбу ғоя Россиянинг қатор депутатлари томонидан ҳам илгари сурилган.

Бу ғоя амалга ошиш-ошмаслиги номаълум. Аммо Тошкент, умуман Ўзбекистон,  ўзбек халқи  фронт орқасининг чинакам қаҳрамонлари эканликлари шубҳасиздир.

* * *

2020 йил 9 майда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабага 75 йил бўлади. Бу даҳшатли уруш миллионлаб одамларнинг умрига зомин бўлди, қанчадан-қанча азоб-уқубатлар, йўқотишлар  келтирди,  аёлларни бева-бечора, болаларни етим бўлиб қолишига сабаб бўлди. Урушнинг халқлар ҳаётида қолдирган изи, асорати  вақт, даврлар ўтишига қарамасдан авлодлар хотирасидан асло ўчмайди. Фашизмга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотирасини ёд этиб, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш – биз учун ҳам қарз, ҳам фарз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2020 йилги Мурожаатномасида шундай дейилади:

“2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади.

Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз. Бу қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасоратини халқимиз ҳеч қачон унутмайди.

Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки доимо эъзозлаб, ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади. Жумладан, мамлакатимизнинг энг яхши санаторийларида уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш учун қулай шароитлар яратамиз.

Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида муҳташам “Ғалаба боғи” бунёд этилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Хотира ва қадрлаш куни ва Ғалабанинг 75 йиллигини ҳар томонлама муносиб ва юқори савияда нишонлаш учун тайёргарлик ишларини пухта ташкил этишимиз керак”.

Буюк Ғалабага жанг майдонларида мардлиги ва жасорати, фронт орқасида матонати билан беқиёс ҳисса қўшган, эвакуация қилинган оила ва етим болаларни ўз бағрига олган халқимизнинг  қаҳрамонликлари ва юксак инсонпарварлик фазилатлари ҳар қанча эъзозланса арзийди. Уларнинг жасорати ва матонати ёш авлод учун ибрат мактаби, ғурур-ифтихор манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

         Ўзбекистонда    Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронтида иштирок этган мўътабар фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилмоқда. Уруш қатнашчилари ва ногиронларига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали ва бир йўла тўланадиган пул мукофоти – 10 миллион сўм топширилди. \

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 11,6 гектар майдонда Иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган қаҳрамонларимизҳамда машаққатли меҳнат фронтининг фидойи  қатнашчилари бўлган юртдошларимизга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларнинг номларини абадийлаштириш, ёшларда тарихимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш мақсадида Ғалаба боғи барпо этилди. Боққа Ғалаба аркаси орқали кириш билан  йўналиш марказида ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ва бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси, шунингдек Генерал Собир Раҳимов ҳайкали гавдаланади.

Ғалаба боғида уруш даври манзаралари, жумладан, окоп ва блиндажлар, чодирлар, дала тиббиёт пункти ва ошхоналари,партизанлар шаҳарчаси ва бошқа лавҳалар акс этган композицион мажмуалар мавжуд. Ўша даврдаги ҳарбий техника ва қурол-яроғ кўргазмаси очиқ осмон остидаги музей вазифасини ўтайди.

Боғнинг китоб шаклидаги турникетнинг кўп сахифали бетларида Совет Иттифоқи Қахрамонлари, “Москва мудофааси учун”, “Кавказ мудофааси учун”, “Сталинград мудофааси учун”, “Будапештни озод қилиш учун”;“Берлин олингани учун”, “Германия устидан қозонган ғалаба учун” медали соҳибларининг исм, фамилиялари қайд этилган.

Боғнинг очиқ павильонда уруш йилларида болаларни ўз бағрига олган ўзбек оилалари, хусусан, Шоабдурахмоновлар ва бошқа оилаларга бағишланган   фотокўргазма ташкил этилган, шунингдек Ўзбекистонда яшаб ижод қилган бир қанча илм-фан, маданият ва санъат намоёндалари (А. Ахматова, И. Вирта, С. Городецкий, А. Дейч, К. Зелинский, Я. Колас, Н. Погодин, А. Толстой, В. Ян ва бошқалар) хақида маълумот берувчи деворий панно яратилди.

Бу ерда халқимизнинг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабага қўшган улкан ҳиссаси ҳақида экспонат ва архив маълумотлар тўплаш, сақлаш, намойиш этиш, улар билан  кенг жамоатчиликка танитиш мақсадида “Шон-шараф музейи” ҳам барпо этилди.

Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатлари  тинчлик ва осуда ҳаётнинг қадрига етишга, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишга, Ватанга садоқат ҳисси билан яшашга даъват этади.

 

Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист