Буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий мерослари тарғиб этилади
Буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий мерослари тарғиб этилади

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифалари сифатида эътиқоди ислом дини билан боғлиқ бой ва ноёб меросни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақида яхлит тасаввур уйғотиш, улар билан халқимиз ва жаҳон жамоатчилигини кенг таништириш белгиланган.
Хусусан, ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк ватандошларимиз - Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби алломаларнинг беназир меросини илмий асосда чуқур тадқиқ этиш, уларнинг илмий-маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилиш вазифаси белгиланган.
Шунингдек, жаҳон илм-фани тарихида ўчмас из қолдирган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али Ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олим ва мутафаккирлар меросининг тарихий ва замонавий цивилизация тараққиётидаги ўрни ва аҳамиятини, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Камолиддин Беҳзод, Маҳмуд Музаҳҳиб сингари мумтоз адабиёт ва санъат намояндалари ижодининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш ҳам Марказ вазифаларига киради.
Шу мақсадда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий мерослари, босиб ўтган ҳаёт йўлларига бағишланган қисқа метражли илмий-оммабоп фильмлар туркумини яратиш режалаштирилмоқда.
Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Бухорий, Улуғбек, Навоий мавзулари дастлабки босқичда амалга оширилади. Кастинг, яъни ушбу алломаларнинг ролларини яратишга даъвогарларнинг дастлабки танлови фотосуратлар асосида амалга оширилади.
Танловда 5 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар иштирок этишлари мумкин. Рангли фотосуратлар 11 январгача қабул қилинади.




