Бухоро кўчаларида санъат нафаси

Бухоро кўчаларида санъат нафаси

 

risunok4oldzododzodzoooobuurud.jpg

 

Бухоро — ҳар бир кўчаси тарихдан сўзлайдиган, ҳар бир меъморий обидаси ўтмишнинг бетакрор саҳифаларини намоён этадиган, ҳар бир миллий анъанасида халқимизнинг маънавий қиёфаси акс этадиган муқаддас маскан. Бу ерга келган сайёҳлар нафақат тарихий ёдгорликларни томоша қилиш, балки Шарқона ҳаёт тарзи, меҳмондўстлик, ҳунармандчилик ва миллий мусиқа сеҳрини ҳис этишни ҳам истайди.

Бугун эса Бухоронинг гавжум сайёҳлик ҳудудларида янграётган жонли куйлар ана шу истакни рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда. Қадимий шаҳар кўчалари тобора катта маданий саҳнага айланиб, санъат инсонларни бирлаштирадиган, турли халқлар ўртасида дўстлик кўприкларини барпо этадиган маънавий куч сифатида намоён бўлмоқда.

Бухоронинг жаҳонга танилишида унинг тарихий обидалари, меъморий ансамбллари ва асрлар давомида шаклланган ҳунармандчилик анъаналари катта ўрин тутади. Энди бу бойликлар қаторига шаҳар кўчаларидаги жонли маданий муҳит ҳам қўшилмоқда. Аслида миллий мусиқа — халқнинг маънавий хотираси. Унда аждодлар орзу-интилишлари, ҳаёт фалсафаси, қувончу ташвишлари ва гўзалликка муносабати мужассам. Шу маънода, кўчаларда миллий чолғулар ижросини тинглаган сайёҳ ўзбек маданияти билан жонли мулоқотга киришади.

Бундай муҳит маҳаллий ёш ижрочилар учун ҳам муҳим имкониятдир. Улар ўз истеъдодини намоён этиш, тажриба орттириш, турли маданият вакиллари билан мулоқот қилиш, миллий санъатимизга қизиқишни ошириш имконига эга бўлади. Агар бу жараён изчил қўллаб-қувватланса, кўча санъати нафақат маданий ҳодиса, балки ёшлар бандлиги ва ижодий фаоллигини оширишга хизмат қилувчи йўналишга ҳам айланиши мумкин. Шунингдек, мусиқа атрофида шаклланган жонли муҳит ҳунармандлар, миллий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар, умумий овқатланиш шохобчалари ва сайёҳлик хизматлари кўрсатувчилари учун ҳам қўшимча имкониятлар яратади. Натижада санъат, туризм ва маҳаллий иқтисодиёт ўртасида ўзаро манфаатли боғлиқлик вужудга келади.