Бухоро илми ҳадис, Қашғар девон шаҳримиз

Бухоро илми ҳадис, Қашғар девон шаҳримиз

dsthdrtjhdrtjhsgsergsrhgerh.jpg

Туркия Республикасининг кўзга кўринган нашрларидан бири «Туркия газетаси»да журналист ва ёзувчи Марям Айбека Синаннинг «Беш кунда Ўзбекистон!» номли мақоласи эълон қилинди.

 

Муаллиф мақолада ўз ҳамкасблари билан Ўзбекистонга қилган саёҳати, мамлакатимизнинг бебаҳо маданий мероси, дунёга машҳур шаҳарлари, умуман олганда, Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашган.

 

«Дерларки, гўзалликда тенгсиздир Ван шаҳримиз (Туркиядаги шаҳар номи)

 

«Бухоро илми ҳадис, Қашғар девон шаҳримиз» Ўз мақоласини ушбу гўзал мисралар билан бошлаган муаллиф, аввало туркий халқларнинг муштарак тарихидан сўз юритади. Шу маънода Ўзбекистоннинг туркийзабон давлатлар орасида алоҳида ўринга эга эканини таъкидлар экан, «Бу ўлка туркий халқлар илк бор ўтроқ турмуш тарзида яшаган, ижтимоий ҳаёт кечирган ва дастлабки мадраса ва масжидлар барпо этилган қадим турк юртидир» дея Ўзбекистон ҳақида самимий фикрлар билдирган.

 

Муаллифнинг қайд этишича, Ислом Каримов номидаги халқаро Тошкент аэропортида ранг-баранг гуллар кўтарган ўзбек қизлари туркиялик меҳмонларни кутиб олгани уларда қадрдонлари юртига келгандек таассурот уйғотган. У бугунги Ўзбекистонни “...ҳар соҳада тараққий этган, нурли ўлка.

djyftyjdrtherghsearghhrth.jpg

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатдан мамлакатни юқори поғона кўтара олган», деб эътироф этади мақоласида.

 

Меҳмонлар биринчи навбатда, ўз вақтида «Қуббатул ислом» деган шарафли ном қозонган Бухорои шарифни ҳам зиёрат қилишган. Маълумки, Бухорога келган ҳар бир сайёҳ Баҳоуддин Нақшбандий қадамжосини зиёрат қилмасдан қайтмайди. Улуғ мутасаввифнинг пурмаъно сўзлари ҳали ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Мақолада Нақшбандий мақбараси пештоқида «Йўлимизнинг асоси суҳбатдир. Хайри барака мулоқотдадир, хилватда эмас» деган ҳикматлари меҳмонлар қалбига ўзгача тасир қилгани ифодаланган.

 

Қадим Бухородаги мадраса, масжид, карвонсарой, қалъа, минора, майдон, ҳаммом ва кўприклар гўзаллиги муаллифнинг ҳайратини оширган. У қадим ва навқирон Бухоронинг тарихий қадамжолари ва меҳмондўст аҳлига юксак баҳо бераркан, «Замон тор, қадим Бухоро эса кенг!» дея эътироф қилади. Айниқса, Минорайи калон ва Мир Араб мадрасаси ҳақида алоҳида сўз юритган Марям хоним бу тарихий мадрасасини жаннат боғчаларига ўхшатади.

 

Саёҳатнинг кейинги қисмида меҳмонлар Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Амир Темурлар бағрида ётган Самарқанд шаҳри томон йўл олишган. Муаллифнинг таъкидлашича, аввало ҳанафия-мотуридий мазҳабининг пешвоси саналган Имом Мотуридий қабрини зиёрат қилганлар. Бу улуғ олим хотирасига атаб Қуръони карим оятлари тиловат қилиниб, дуолар ўқилган. Шу ўринда муаллиф Имом Мотуридийни «Бизнинг эътиқод асосларимизни тартибга солган ақидадаги имомимиз» дея эътироф этади. Амир Темур мақбараси зиёрати ҳақида ёзар экан, улуғ бобокалонимизни «Улуғ жаҳонгир» номлари била ёдга олади.

 

Сафар сўнгида Тошкентга қайтган меҳмонлар янги ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюргани ёритилган. Муаллиф уларни Марказ директори Давронбек Махсудов юксак илтифот билан қаршилаганини ёзиб, Тошкентга сафар қилувчиларнинг барига албатта ушбу масканга ҳам ташриф буюришларини тавсия қилган. Ҳа, чиндан ҳам янгиланиб бораётган жонажон Ўзбекистонимиз жаҳоннинг турли чеккаларидан келаётган меҳмонлар томонидан тобора кўпроқ эътироф этилмоқда.

 

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот

маркази матбуот хизмати