Бухоро хаттотлик мактаби
Бухоро хаттотлик мактаби

Ўтмишда Хуросон ва Мовароуннаҳрда бир неча, шу жумладан Бухоро, Хоразм, Фарғона, Самарқанд ва Тошкент хаттотлик мактаблари хаттотлик мактаблари вужудга келган.
Улар орасида Бухоро хаттотлик мактаби алоҳида ажралиб турган. У XVI–XVII асрларда тараққиётнинг янги босқичига кўтарилиб, машҳур хаттотлар етишиб чиққан. Буни бир жиҳатдан мазкур даврда Бухорода маданий ҳаёт маълум даражада ривожланиш пиллапоясига кўтарилгани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Айнан шу даврда Ҳирот хаттотлари ва мусаввирларидан бир қисми Бухорога келган. Пировардида Бухоронинг ўзига хос бўлган янгича китобат ва ҳуснихат санъати ривож топган.
XVI–XVII асрларда яшаб ижод этган Бухоро хаттотлари ўзига хос услуб яратдилар. Тарих саҳифаларида Мир Али Ҳиравий Фатҳободий, Мирзо Исматуллоҳ Мунший, Содиқ Мунший Жондорий, Мир Маъсум Бухорий, Аваз Бадалий Бухорий, Ҳожи Ёдгор, Домло Бобобек, Абдулмажид Махдум Бухорий, Субҳонқули, Муҳаммад Ризо Намадий, Мирзо Мавлон Бухорий, Абдуллоҳ Савдо, Абдулваҳҳобхўжа, Абдулқодирхўжа, Мирзо Муҳаммаджон, Мирзо Исъҳоқ каби зарринқалам соҳиблари бўлган.
Ўша даврда Бухорода кўфий, сулс, ғубор, насх, настаълиқ хатлари жуда ривожланган. Шу жараёнда насх хати асосида “Насхи Бухорий”хати яратилаган. У Мир Убайд Бухорий томонидан ихтиро қилинган. Бу хат насх хатидан кўра йирикроқ бўлиб, жозибадорлиги ва мўъжизакорлиги билан ҳар қандай кишини ҳам ўзига мафтун этган.




