Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди
Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини замонавий технологиялар орқали намоён этаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлари тарихий манбалар ва ноёб артефактлар ҳақида кенг маълумотга эга бўлдилар.
Ўзбекистон Республикаси Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантларидан иборат делегация Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, юртимизнинг бой илмий-маънавий мероси билан яқиндан танишди.
Марказ фаолияти, унинг экспозиция концепцияси ҳамда бу ерда намойиш этилаётган ноёб тарихий манбалар ҳақида қисқача маълумот берилди.
Делегация аъзоларига ҳар бир бўлимда намойиш этилаётган ноёб артефактлар, қўлёзмалар, санъат намуналари ва тарихий манбалар билан таништирилди. Меҳмонлар ташкил этилган экспозициядан Марказий Осиёда ислом цивилизациясининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари ҳақида кенг тасаввурга эга бўлдилар.
Айниқса, иммерсив хоналарда намойиш этилаётган махсус видеороликлар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Таъкидланишича, бундай замонавий мультимедиа тақдимотлари ҳар бир зал мазмунини умумлаштириб, ташриф буюрувчиларга тарихий жараёнларни яхлит ҳолда англаш имконини беради.
Божхона институтининг Ихтисослаштирилган божхона назорати кафедраси катта ўқитувчиси Елена Ладигина ташриф ҳақида фикр билдириб, Марказ экспозициялари айниқса ёшлар учун катта аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
— Ташриф давомида ноёб ёзма манбалар, буюк алломаларимиз мероси ҳамда ислом цивилизацияси соҳасидаги ютуқлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик. Айниқса, курсантлар учун тарихий маълумотлар, муҳим саналар ва ёзма манбалар билан танишиш ниҳоятда муҳим. Бу келгусида билимли ва кенг дунёқарашга эга ёшларни тарбиялашга хизмат қилади, — деди у.
Шунингдек, у Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жаҳон миқёсидаги илмий-маънавий маскан сифатида нуфузли музейлар билан рақобатлаша олишини таъкидлади.
Божхона институти катта ўқитувчиси Рухшона Мадалиева ҳам Марказ экспозицияларини юқори баҳолади.
— Марказга илк бор ташриф буюрдим ва катта таассурот олдим. Бу ерда тарихимизнинг энг қадимги босқичлари — ибтидоий жамоа давридан тортиб, ўрта асрлар, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига оид ноёб экспонатлар жамланган. Марказдаги бой артефактлар ва тарихий далиллар нафақат юртдошларимизга, айниқса ёшларга, балки халқаро ҳамжамиятга ҳам Ўзбекистоннинг бой цивилизацион меросини намоён этади, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг август ойида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музей экспозициясини бойитиш мақсадида Форумлар саройида жамланган нодир экспонатлар ва қўлёзмаларни Марказ биносига босқичма-босқич кўчириш жараёнида божхона ходимлари фаол иштирок этиб, тарихий ва маданий қимматга эга ноёб ашёларнинг хавфсиз ва тизимли тарзда етказилишини таъминладилар.
Юксак масъулият ва пухта ташкил этилган амалий ёрдам туфайли экспонатларнинг ҳар бири белгиланган тартибда Марказ фондига қабул қилинган.







